Тошкентда сунъий интеллектли камералар ишга тушди

10:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Пойтахтда пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сунъий интеллектга асосланган камералар ишга туширилди. Энди пиёдага йўл бермаган ҳайдовчилар автоматик равишда жаримага тортилади. Илк 3 куннинг ўзида 1700 та қоидабузарлик қайд этилди.

Kamera

Тошкент шаҳрида замонавий технологиялар ёрдамида йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ишлари амалга оширилмоқда. Шу доирада пойтахтнинг 10 та пиёдалар ўтиш жойига сунъий интеллектга (AI) асосланган камералар ўрнатилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ҳамда ИИВ ЙҲХБ маълум қилди.

Ушбу камералар ҳайдовчининг пиёдага йўл бермаслик ҳолатини автоматик равишда аниқлаб, жарима тайинлайди. Лойиҳа жорий этилган илк 3 кунда 1700 та қоидабузарлик ҳолати қайд этилгани, сунъий интеллект тизимининг самарадорлигини кўрсатмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай камералар яқин кунларда яна 30 та чорраҳада ўрнатилади. Бу эса пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш билан бирга ҳайдовчиларни ҳам масъулиятга ундайди.

Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, ҳайдовчилар пиёдаларга йўл бериши шарт. Эндиликда бу қоидага риоя қилмаганлар дарҳол автоматик жаримага учрайди.