Европа ташқи сиёсат хизмати (EEAS) тайёрлаган ҳужжатда бир неча вариант таклиф этилган. Энг қаттиқ чора — ассоциация келишувини тўлиқ музлатиш. Бошқа вариант — Бинямин Нетаняҳу ҳукумати билан сиёсий мулоқотни тўхтатиш. Бироқ бу чора 27 аъзо давлатнинг бир овоздан қўллаб-қувватлашини талаб этади. Бироқ Венгриянинг яққол исроилпараст позицияси сабаб бундай якдилликка эришиш деярли имконсиз.
Реал чора кўриладиган йўл — битимнинг савдо қисмини вақтинча тўхтатиб туриш. Бу Исроилни Европа бозорига имтиёзли кириш имкониятидан маҳрум қилади. Мазкур чора малакали кўпчилик овози билан қабул қилиниши мумкин. Исроил учун бу жиддий иқтисодий зарба бўлади, чунки ЕИ — унинг энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади.
Европа Иттифоқи шунингдек, Ғарбий қирғоқдаги ноқонуний Исроил нуқталарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни импорт қилишни тақиқлаши мумкин. Бундай чеклов бутун ЕИ миқёсида бир овозда қабул қилиниши керак бўлса-да, ҳужжатга кўра, алоҳида давлатлар бундай тақиқни ўз миллий даражасида жорий қилиши мумкин.
Қўшимча чоралар сифатида Исроилни Horizon ва Erasmus каби илмий- таълим дастурларидан чиқариш, техник ҳамкорлик ва ўзаро англашув меморандумларини тўхтатиш каби таклифлар ҳам бор.
Бу муҳокамаларга Европа ташқи сиёсати хизмати тайёрлаган ҳисобот туртки бўлди. Ҳисоботда Исроил инсон ҳуқуқлари соҳасида ўз мажбуриятларини бузгани, Ғазода аҳоли зич жойлашган ҳудудларга ҳарбий ҳужумлар уюштиргани ва инсонпарвар ёрдам етказишга жиддий тўсиқлар яратгани қайд этилган.
ЕИ ташқи ишлар вазирлари мазкур таклифларни келаси ҳафта бўлиб ўтадиган саммитда муҳокама қилишади. Айни пайтда, ЕИ ташқи ишлар раҳбари Кайя Каллас Исроил билан Ғазога ёрдам етказиш борасида келишувга эришилганини маълум қилган. Аммо амалда бу ҳаракат ҳали жойидан силжимаган.