Financial Times нашрининг хабар беришича, АҚШ Мудофаа вазирлиги Хитой—Тайван ўртасида можаро келиб чиққанида иттифоқчиларининг қандай чора кўришини билиш мақсадида Япония ва Австралияга босим ўтказмоқда.
АҚШ Мудофаа вазири ўринбосари Элбридж Колби Япония ва Австралия расмийлари билан учрашувлар чоғида ушбу масалани кўтарган. Бу Колбининг минтақа иттифоқчиларини Тайван учун Хитойга қарши эҳтимолий урушга тайёрлаш бўйича навбатдаги ҳаракати сифатида баҳоланмоқда.
Колбининг сўзларига кўра, мазкур ташаббус Дональд Трампнинг «куч орқали тинчлик« тамойилига асосланган ва иттифоқчилардан мудофаа харажатларини кўпайтириш ҳамда умумий хавфсизликни мустаҳкамлашни талаб этади.
Pentagon манбаларига кўра, Япония ва Австралия билан машқлар ва режалар амалга оширилган, бироқ АҚШ томонидан аниқ мажбуриятлар талаб қилиниши Токио ва Канберрани ҳайратга солган. Чунки АҚШнинг ўзи Тайванга ҳеч қандай кафолатли мажбурият (т.н. «blank check») бермаган.
Япония Мудофаа вазирлиги эса FT нашрига жавобан, Тайвандаги эҳтимолий фавқулодда ҳолат юзасидан «ҳипотетик» саволларга жавоб бериш мушкул эканини айтди. Улар ҳар қандай қарор Япония конституцияси ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ қабул қилинишини таъкидлади.