Унинг сўзларига кўра, мазкур дастур Транспорт ва Энергетика вазирликлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Унда нафақат халқаро, балки маҳаллий йўлларда ҳам электр қувватлагичларни ўрнатиш назарда тутилган. Хусусан, 82 та нуқтада «service area» ва «service point» концепцияси асосида мажбурий равишда стандарт қувватлагичлар жойлаштирилиши белгиланган.
Йиғилишда депутат Сапаргул Утемуратова фуқаролар томонидан электр автомобилларини қувватлаш инфратузилмасининг етарли эмаслиги ҳақида кўплаб шикоятлар тушаётганини айтди. У, шунингдек, йўл бўйи объектларида қуёш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини яратиш ҳамда углерод чиқиндиларини камайтириш бўйича амалий чоралар ҳақида ҳам савол йўллади.
Бу саволга жавобан Маҳкамов муаммо фақат транспорт соҳаси билан боғлиқ эмаслигини, энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи манбаларга ўтиш бўйича кенг қамровли дастурлар ишлаб чиқилганини таъкидлади. Ҳозирда нафақат мавжуд АЁҚШларда, балки алоҳида электр қувватлаш нуқталарини белгилаш ва жойлаштириш дастури ҳам тайёрланган.
Шу билан бирга, углерод чиқиндиларини камайтириш бўйича саволга вазир аниқ жавоб бермади. Йиғилишда шунингдек, жорий йил Тахтакўприк довонида пуллик туннель қуриш бўйича шартнома имзоланиши кутилётгани маълум қилинди.