13 июл куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси Ғазо секторидаги гуманитар ёрдам пункти ва колонналари яқинида сўнгги олти ҳафтада камида 798 нафар одам ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда Женевадаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Улардан 615 нафари АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватлайдиган Ғазо Гуманитар Жамғармаси (GHF) ёрдам марказлари яқинида ҳалок бўлган. Қолган 183 ҳолат эса ёрдам колонналари йўлида қайд этилган.
БМТ ушбу ёрдам тарзини «дастлабдан нохавфли» ва гуманитар холислик меъёрларига зид, деб баҳолади. Халок бўлганларнинг аксарияти ёрдам олиш мақсадида тўпланган тинч аҳоли вакиллари бўлган.
GHF асосан хусусий америкалик логистика ва хавфсизлик компаниялари орқали гуманитар юкларни етказиб бермоқда. Бу тизим БМТ раҳбарлигидаги тармоқни четлаб ўтади. Исроил БМТ орқали етказилган ёрдамни ҲАМАС тўдаларининг талончилигига дучор бўлишда айблаган. ҲАМАС эса буни рад этмоқда.
GHF вакили эса БМТ билан ҳамкорлик қилинса, қурбонлар сонини қисқартириш мумкин бўлар эди, деб баёнот берди. Исроил армияси ўз навбатида тинч аҳоли билан зиддиятларни камайтириш мақсадида янги йўллар очаётганини ва тўсиқлар ўрнатилаётганини маълум қилди.
БМТ қошидаги Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури раҳбарларидан бири Карл Скаунинг таъкидлашича, БМТ гуманитар етказиб беришда асосий иштирокчи бўлиб қолиши шарт. Ҳозирда секторда озиқ-овқат ва энергия танқислиги ортиб бормоқда. Яқинда ЖССТ томонидан 11 та юк машинасида дори-дармон етказилди.