Қатар ва Миср воситачилари иштирокида Доҳада ўтказилаётган музокаралар чоғида Исроилдан Ғазо секторидан чиқиш бўйича режани қайта кўриб чиқиши сўралмоқда. Al Arabiya телеканали манбасининг маълум қилишича, бу бўйича янгиланган ҳужжат шанба ёки якшанба куни тақдим этилиши мумкин.
Франциянинг AFP агентлигига кўра, Исроил Ғазодаги ҳарбий иштирокига барҳам беришга тайёр эмас. Музокараларнинг қийинлашуви ҳам айнан шу позиция билан боғлиқ. Фаластин манбаларининг айтишича, Исроил томони жума куни ўз қўшинларини тўлиқ чиқариш эмас, балки уларни қайта жойлаштиришни назарда тутувчи харита таклиф қилган.
Агентлик маълумотларига кўра, мазкур ҳужжат Исроил кучларининг секторнинг камида 40 фоиз ҳудудида қолишини назарда тутади.
6 июль куни Исроил ва «ҲАМАС» ҳаракати Қатар, Миср ҳамда АҚШ воситачилигида Доҳада маслаҳатлашувларни давом эттирди. Асосий мақсад — ўт очишни тўхтатиш ва Ғазода ушлаб турилган исроилликларни озод қилишдан иборат.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Маҷид бин Муҳаммад ал-Ансорийнинг маълум қилишича, 8 июл ҳолатига кўра, томонлар ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ҳали бошланмаган. Қатар ва Миср воситачилари ХАМАС ҳамда Исроил билан алоҳида учрашувлар ўтказиб, келишмовчиликларни бартараф этиш устида иш олиб бормоқда.
Расмий баёнотда таъкидланишича, ўт очишни тўхтатиш ва келишувга эришиш вақт талаб этади.