Олмон компаниялари ўзбекистонлик ёшларни ўқитиш ва ишга жалб қилишдан манфаатдор

19:30 | 3 дақиқада ўқилади.

«BILD» нашри Германиядаги касбий таълим ва иш имкониятлари ҳақида ёзди.

Olmon

Германиянинг машҳур «BILD» газетаси 13 июл куни Саксония-Анҳальт федерал ер компаниялари ўзбекистонлик ёшларни касбий ўқиш ва ишга қабул қилишга қизиқиш билдирётгани ҳақида мақола чоп этди.

Матнда қайд этилишича, «Papenburg AG» ва «Askania Future GmbH» компаниялари бу йўналишда катта тажрибага эга. Хусусан, «Papenburg AG» раҳбари Ангела Папенбург бугунгача 60 нафар ўзбекистонлик ёш йигит ва қиз «юк машинаси ҳайдовчиси» мутахассислиги бўйича ўқишни муваффақиятли тугатгани ва ишга жойлашганини маълум қилган. Унга кўра, Германияда бу соҳада мутахассисларга талаб юқори бўлиб, ички бозорда етарли кадр топиш мушкул.

Шунингдек, «Askania Future GmbH» компанияси келгуси йилларда 1750 нафар ўзбекистонлик ёшларни Германияда турли мутахассисликлар бўйича ўқитишни режалаштирмоқда. Бу мутахассисликлар қаторига ҳамшира, қурувчи, электрик ва юк машинаси ҳайдовчиси киради. Дастлаб ёшлар Ўзбекистонда немис тилини ўрганишади ва B1 даражадаги сертификат олгандан сўнг Германияда дуал таълим тизимида ўқишни бошлайдилар.

Компания раҳбари Инго Юнг таъкидлашича, шу мақсадда 50 нафарга яқин ўзбекистонлик немис тили ўқитувчиси Германияда малака оширган. Германиянинг касбий таълим институти эксперти Александр Штудтхофф бундай дастурларни самарали деб баҳолаган.

Германиянинг логистика ва ташиш соҳасидаги профессор Дирк Энгельхардт эса немис тилини яхши билувчи хорижий мутахассислар учун Германия меҳнат бозорида кенг имкониятлар борлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, мамлакат касаба уюшмалари меҳмон мутахассислар учун маслаҳат марказларини ташкил этиш ва турар жой масаласида кўмак беришни таклиф қилмоқда.