Трамп музлатилган Россия активлари орқали Украинага ёрдам беришни режалаштирмоқда

16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШда Доналд Трамп президентликка қайтгандан сўнг илк бор Украинага ҳарбий ёрдам ажратиш масаласини кўриб чиқмоқда. Мавжуд икки асосий вариантдан бири — Байден даврида тасдиқланган, лекин тўлиқ ишлатилмаган 3,85 миллиард доллар маблағдан фойдаланишдир.

Trump russian actives

Иккинчи йўл эса — АҚШ ҳудудида музлатилган Россия активларини мусодара қилиб, ушбу маблағларни Украина манфаатига йўналтиришдир. CBS News манбаларига кўра, бу қарор Москвага сиёсий ва рамзий босим сифатида қаралмоқда.

Ҳозирги пайтда АҚШда тахминан 5 миллиард долларлик Россияга тегишли маблағлар блокланган. Улар Россия Марказий банки активларининг бир қисми бўлиб, умумий 300 миллиард долларлик тўпламнинг асосий қисми Европада, хусусан, Белгиядаги Euroclear депозитарийсида сақланмоқда.

Бундан аввал G7 давлатлари ушбу активлардан келадиган фойдани гаров сифатида ишлатиш асосида Украинага 50 миллиард долларлик кредит бериш механизмни келишиб олган эди. Кремл эса Россия активларининг мусодара қилинишига қатор марта қарши чиқиб, буни «оғриқ» деб атаган ва ҳуқуқий оқибатлар ҳақида огоҳлантирган.

Шунингдек, Reuters агентлиги хабарига кўра, Трамп ўз президентлик ваколатларидан фойдаланиб, Конгрессни четлаб ўтиши ва «PDA» механизмини ишга тушириши мумкин. Бу механизм орқали Patriot тизимлари учун ракеталар ва бошқа қурол-яроғни ўз ичига олган 300 миллион долларлик ёрдам тақдим этилиши режалаштирилмоқда.