Хитой ва АҚШ етакчилари учрашуви устида иш олиб борилмоқда

22:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Малайзияда Хитой ташқи ишлар вазири Ванг Йи билан ўтказилган музокаралардан сўнг Доналд Трамп ва Си Жинпинг учрашуви бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

China usa

Малайзияда бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Рубио суҳбат «жуда конструктив ва ижобий» ўтганини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳар икки томон АҚШ ва Хитой етакчилари ўртасида шахсий учрашув ташкил этишдан манфаатдор.

Рубиога кўра, Трамп ва Си Жинпинг саммити бўйича қўшма келишувни муҳокама қилишга тайёрлик бор ва «учрашув бўлиб ўтиши эҳтимоли юқори». Ҳозирда саммит санасини икки томон учун қулай тарзда келишиш жараёни бошланган.

Бундан олдин, 27 июн куни АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой билан савдо келишуви имзоланганини эълон қилганди. Аммо бу ҳақда батафсил маълумот берилмаган. Ушбу келишув май ойида Женевада ўтказилган дастлабки музокаралардан сўнг тузилган, унда икки томон тарифларнинг катта даражада оширилишини вақтинча тўхтатиб туришга келишиб олган эди.

Хитой ҳозирча бу келишувни расман тасдиқламаган, бироқ камёб металллар экспорти бўйича тартибларни тезлаштираётганини маълум қилган. Бу маҳсулотлар савдоси АҚШ ва Хитой ўртасидаги асосий тортишув нуқталари сирасига киради.

Янги саммит орқали икки томон алоқаларни мустаҳкамлаш ва савдо соҳасидаги қарама-қаршиликларни юмшатишга умид қилмоқда. Учрашув жаҳон иқтисодиёти учун ҳам муҳим сиёсий қадам сифатида қаралмоқда.