Зеленский 12 июл куни расмий Telegram канали орқали қилган баёнотида конференция натижалари нафақат тикланиш, балки Украина армияси ва қурол-яроғ ишлаб чиқаришини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу платформа Украина ҳаво ҳужумидан ҳимоя (ҲҲҲ) тизимини мустаҳкамлаш, дронлар, жумладан, тутиб олувчи дронлар ишлаб чиқариш ҳамда Россияга нисбатан санкцион босимни ошириш имконини берди.
Зеленский видеомурожаатида, Украина янги ҲҲҲ тизимлари ва улар учун ракеталарни олишга яқинлашиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, АҚШдан Patriot тизимларини олиш бўйича ижобий сигналлар борлиги айтилди. Германия ва Норвегия эса ушбу тизимларни сотиб олишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
Буюк Британия билан эришилган янги келишувга мувофиқ, Украинага 5000 дан ортиқ ҲҲҲ тизими ракеталари етказиб берилади. Улар асосан дрон ҳужумларига қарши қўлланилади.
Зеленский Украинада қурол ишлаб чиқаришга қаратилган инвестициялар ҳафтама ҳафта ошиб бораётганини, бу йўналишда янги халқаро шериклардан муҳим ечимлар олинаётганини маълум қилди.
Италияда ўтган «Кўнгиллилар коалицияси» форматидаги учрашувда Украина мудофаа кучларини молиялаштириш ҳам асосий масалалардан бири бўлди. Зеленский АҚШ вакиллари билан ўтказилган учрашувларни ҳам самарали деб баҳолади.
У сўзларига қўшимча қилиб, «Россияга нисбатан босим кучаймаса, тинчлик бўлмайди. Урушни давом эттириш Россия учун оғриқли бўлиши шарт», дея таъкидлади. Шунингдек, у янги ва кучли санкцияларга умид билдирди ва Украинага ёрдам бераётган барча давлатларга миннатдорлик изҳор этди.