Доллар ҳукмронлиги тугаса, жаҳон иқтисодиёти қандай кўринишга эга бўлади?

12:15 | 8 дақиқада ўқилади.

Бугунги тартибсиз глобал молиявий вазиятда дунё етакчилари ўз иқтисодиётлари учун «энг яхши натижа» га эришишдан кўра, хавфларни қандай бошқаришни ўрганишга мажбур. Чунки президент Трампнинг ўзгарувчан сиёсати, божларнинг кескинлиги ва доллар курсининг беқарорлиги шароитида «энг яхши натижа» деган тушунча мавжуд эмас.

Dollar hegemony

Айниқса, 2024 йилнинг апрелидан бошлаб АҚШ доллари одатдагидек ишончли асос эмас, балки ривожланаётган мамлакатлар валютаси каби ўзгарувчан ҳаракат қилмоқда. Халқаро инвесторлар орасида долларни сақлашдан воз кечиш истаги кучаймоқда. Бу эса муҳим саволни туғдиради: агар долларнинг глобал ҳукмронлиги тугаса, кейин нима бўлади?

Бу савол келажакдаги иқтисодий тартиб ва молиявий барқарорлик учун жуда муҳим.

Бугун кўплаб мамлакатларнинг марказий банклари фавқулодда ҳолатларда АҚШ долларига муҳтож. Агар доллар ўзининг захира валютаси мақомини йўқотса, давлатлар ва инвесторлар ундан фойдаланишни тўхтатади. Буни юзага келтирадиган механизмлар эса тобора яққол бўлиб бормоқда.

Машҳур иқтисодчи Кеннет Рогофф бу ҳақда шундай дейди:

«Биз ҳозир жаҳон молия тизимида Никсон давридаги олтин стандартининг бекор қилинишидан кейинги энг йирик бурилиш нуқтасида турибмиз. Яқин йилларда доллар ўз мавқеининг бир қисмини юан (Хитой валютаси) ва еврога бой бериши мумкин. Ҳозирнинг ўзида криптовалюталар яширин иқтисодиётда доллар ўрнини эгалламоқда».

Бу жараён, Рогоффнинг айтишича, Трампдан олдин бошланган, аммо Трамп уни жадаллаштириб юборган.

Келажакда ягона глобал валюта ҳукмрон бўлмаслиги мумкин. Бунинг ўрнига евро, юан, криптовалюталар ва ҳатто олтин ўртасида кучли рақобат пайдо бўлиши кутилмоқда. Бу эса глобал валюта бозорида «кўп қутбли» курашга олиб келади.

Иқтисодчи Денни Лейптсигер ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлайди. У шуни таъкидлайдики, ҳозирча марказий банклар турли валюталарни захирада сақлаётган бўлса-да, ҳануз АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкалари ва АҚШ облигациялари бозорига боғлиқ ҳолда ҳаракат қилмоқда.

Кўп валютали тизим қандай оқибатларга олиб келади?

Агар дунё биргина кучли валютага эмас, балки бир нечта рақобатчи валюталарга таянадиган тизимга ўтса, фоиз ставкалари, инвестициялар ва глобал молия оқимлари қандай ўзгаради?

Иқтисодий тарихчи Барри Эйхенгриннинг фикрича, доллар халқаро тўловлар учун қулай, ишончли ва арзон восита бўлиб хизмат қилгани учун фирмалар ва банклар уни сақлайди. Агар ундан фойдаланиш камайиб кетса, халқаро операциялар ҳам қимматлашади ва камаяди. Бу эса глобаллашувни пасайтиради.

Бундан ташқари, хавфсиз активлар (масалан, АҚШ облигациялари) йўқолса, инвесторлар учун ишончли нарх мезони йўқолади. Шундай вазиятда фоиз ставкалари беқарор бўлади, бозор ишончи заифлашади ва хавф учун мукофот (риск премиум) ортади. Агар фақат танқислик бўлса, фоиз ставкалари тушади, аммо агар умуман хавфсиз актив қолмаса — у ҳолда ставкалар кўтарилиши мумкин.

Доллар фоиз ставкаларининг юқорилиги ва курсдаги ўзгарувчанлик эса уни халқаро сармоя ва савдо учун камроқ жозибадор қилади. Шунинг учун келажакда ҳисоб-китоблар ва тўловлар бошқа валюталарда амалга оширилиши эҳтимоли ортиб бормоқда.

Доллар мавқейининг пасайиши ва оқибатлар

Келажакда доллар ҳали ҳам муҳим рол ўйнайди, лекин унча устун бўлмайди. Бу эса АҚШнинг иқтисодий имтиёзларини камайтиради, санкциялар самарадорлигини пасайтиради ва фоиз ставкаларидаги ўзгарувчанликни кучайтиради. Агар АҚШ қарз инқирозига учраса, бу глобал молиявий беқарорликка олиб келиши мумкин, дейди Кеннет Рогофф.

 

Кўп қутбли тизим — барқарорми?

Баъзилар бу тизим камроқ барқарор бўлади, деб ҳисоблайди. Лекин молия мутахассиси Картик Санкаран фикрича, кўп қутбли валюта тизими аксинча, кўпроқ барқарор бўлиши мумкин, чунки ҳар бир минтақа ўз молиявий сиёсатини ўзига мослаштира олади.

Шунга қарамай, тарих шуни кўрсатмоқдаки, агар бу чиндан ҳам афзал бўлган модел бўлса, биз аллақачон кўп қутбли тизимда яшаётган бўлардик.

Келажакда жаҳон иқтисодиёти бир нечта асосий валюталар (масалан, юан, евро, криптовалюта ёки олтин) атрофида шаклланиши мумкин. Доллар долзарб бўлиб қолади, лекин аввалгидек устун мавқеини йўқотади. Бу эса глобал молиявий тартибда янгича давр бошланиши мумкинлигини англатади.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.