Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга Пхенян Россия ҳукуматининг Украинадаги «вазиятни ҳал этиш»бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр эканлигини билдирди. Бу ҳақда Шимолий Кореянинг KCNA давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, Ким Москва ва Пхенян ўртасидаги келишувларга биноан Украинадаги вазиятни «тубдан ҳал қилишга қаратилган Россия раҳбариятининг барча чора-тадбирларини сўзсиз қўллаб-қувватлашни давом эттиришга» тайёрлигини изҳор этган.
Лавров уч кунлик ташриф билан Шимолий Кореяда бўлди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот баёнотида Пхеняннинг «Россиянинг махсус ҳарбий операциясини изчил ва принципиал қўллаб-қувватлагани», шунингдек, Шимолий Корея аскарларининг урушда иштирок этгани учун «самимий миннатдорлик» билдирди.
Матбуот анжуманида Лавровдан Шимолий Корея кучлари Украинадаги урушнинг янги жабҳаларига жойлаштирилиши мумкинлиги ҳақида сўралди. У Ким Шимолий Кореянинг Россияни қўллаб-қувватлаш шаклини ўзи ҳал қилишини айтди. «Биз КХДР раҳбари, давлат ишлари бўйича раиснинг таклифларига жавоб беряпмиз. Бу самимий бирдамлик ифодасини рад этишга ҳеч қандай сабабимиз йўқ эди», — деди Лавров.
Шимолий Корея қўшинлари Россиянинг Курск вилоятидаги жангларда иштирок этди, вилоятнинг бир қисми 2024 йил август ойида Украина кучлари томонидан эгаллаб олинган эди. Шимолий Кореянинг жанговар ҳаракатларга аралашуви ҳақидаги дастлабки маълумотлар октябрь ойида тарқалган бўлса-да, Москва буни 2025 йил апрель ойи охиригача расман тан олмади.
Украина разведкасининг маълумотларига кўра, Шимолий Корея кейинги ойларда урушга 25-30 минг аскар юбориши кутилмоқда.