Шахмат бўйича жаҳон чемпиони, норвегиялик гроссмейстер Магнус Карлсен ChatGPT’га қарши шахмат ўйинида йирик ҳисоб билан ғалаба қозонди. Бу ҳақда у шахсан ижтимоий тармоқ саҳифасида маълум қилган.
Карлсеннинг сўзларига кўра, у сафар пайти зерикиб қолган ва шу боис сунъий интеллект билан онлайн шахмат ўйнашга қарор қилган. Натижада 53 юришдан иборат бўлган партияда у ChatGPT’ни тўлиқ устунлик билан енгган. Гроссмейстер айтишига кўра, ўйин давомида у бирорта ҳам тош йўқотмаган.
Шунингдек, Карлсен ChatGPT’дан шахсий ўйин даражасини баҳолашни сўраган. Чат-бот унинг даражаси FIDE ёки USCF рейтинги бўйича тахминан 1800–2000 атрофида деб баҳолаган.
Аслида эса Карлсеннинг расмий FIDE рейтинги 2839 бўлиб, бу уни дунёдаги энг кучли шахматчилардан бирига айлантиради.
Шахмат ҳамжамияти ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари чат-ботнинг бундай баҳосини ҳазил сифатида қабул қилган. Бу воқеа сунъий интеллектнинг инсон ақлидан устун эмаслигини яна бир бор кўрсатди.