Лойиҳада белгиланишича, суд қарорига биноан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланган маҳкумларга шифокор тавсияси ва жисмоний ҳолати асосида меҳнат терапияси ўтказилиши мумкин. Бундай шахслар жазони ижро этиш муассасаларига келганида 3 кун ичида шифокор-нарколог ёки шифокор-психиатр томонидан текширилади ва даволаш давомийлиги белгиланади.
Ижро муассасаларидаги маҳкумлар учун мажбурий даволаш махсус соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларида амалга оширилади. Манзил-колонияларда сақланаётганлар эса умумий асосда соғлиқни сақлаш тизимининг наркология муассасаларида даволанади.
Қоидаларга кўра, мажбурий даволаш даври камида 6 ой, кўпи билан 18 ойгача белгиланади. Даволаш жараёни соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган клиник стандартлар асосида олиб борилади. Спиртли ичимликларга мойиллик билан даволанувчи беморларнинг стационар даволаниш муддати камида 45 кун, гиёҳвандлик ёки заҳарвандлик ҳолатида эса 60 кундан кам бўлмаслиги лозим.
Ҳар бир беморга алоҳида тиббий карта очилади ва зарур маълумотлар киритилади. Даволаш жараёни жазони ижро этиш муассасаси тиббий комиссияси томонидан назорат қилинади. Комиссияга тиббий хизмат бошлиғи раҳбарлик қилиб, таркибида нарколог, психиатр ва терапевтлар фаолият олиб боради.
Агар маҳкум мажбурий даволаш курси тугалланмасдан озод этилса, у ҳақда яшаш манзилидаги наркология муассасаси ва ички ишлар органларига олдиндан ёки 3 кун ичида хабар берилади. Шу билан бирга, тиббий картадан кўчирма ва маълумотнома ҳам юборилади.