1990 йил: Президентлик институтининг таъсис этилиши
1990 йил Ўзбекистон тарихида сиёсий бошқарув тизимининг тубдан ўзгаришига замин яратган йилдир. Шу йили мамлакатда биринчи марта Президентлик институти жорий қилинди. Бу совет иттифоқи таркибида бўлган иттифоқдош республикаларнинг ўз давлат бошқарув тузилмасини қайта кўриб чиқиш ҳаракатлари фонида юзага келди.
1991 йилда Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг, давлат бошқаруви тизимида Президент девони ташкил этилди. Бу даврда девон Президент фармонларини ишлаб чиқиш, назорат қилиш, вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш билан шуғулланди.
Президентлик институтининг таъсис этилиши эса советча моделидаги коллектив бошқарувдан воз кечиб, ижро ҳокимиятини шахсий жавобгарлик тамойилига асосланган ҳолда кучайтириш учун қилинаётган илк уриниш эди.
1996 йилда Президент девони таркиби такомиллаштирилиб, унда ахборот, ташқи сиёсат, иқтисодий масалалар, ҳуқуқий муаммолар бўйича бўлинмалар шакллантирилди.
1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Биринчи президенти Ислом Каримов қабул қилган фармон асосида девоннинг ташкилий тузилмаси қайта кўриб чиқилди. Бу ислоҳотлар мамлакатда кучайиб бораётган ички ижтимоий-иқтисодий жараёнларга жавобан амалга оширилди ва девоннинг амалий-сиёсий фаолиятини кучайтиришга қаратилган эди.
2019 йил: Расмий ташкил этилиши
2019 йил 26 августда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармон қабул қилинди. Шу билан Администрация расмий равишда ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгиланди. У Президентнинг конституциявий ваколатларини амалга оширишга кўмаклашиш, давлат сиёсатини шакллантириш, қонунийликни таъминлаш, фуқаролар билан мулоқотни ташкил этиш каби кенг қамровли функцияларни ўз зиммасига олди.
Фармонга мувофиқ, Администрация раҳбари лавозимига Зайнилобиддин Шахоббидинович Низомиддинов тайинланди. У шу муносабат билан Президент маслаҳатчиси — Ижро этувчи аппарати раҳбари лавозимидан озод қилинди.
Шунингдек, Президентнинг давлат маслаҳатчиси — оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Хайриддин Мадриддинович Султонов Президент маслаҳатчиси — спичрайтери (нутқларини ёзиб берувчи) лавозимига тайинланди ва аввалги лавозимидан озод этилди.
2019 йил: Тузилмавий янгиланишлар
2019 йилда Президент Администрацияси таркибида янги лавозимлар ва департаментлар ташкил этилди. Масалан, Президент маслаҳатчилари сони оширилди, ҳуқуқий экспертиза ва таҳлил қилиш бўлимлари фаолияти кучайтирилди.
Унга кўра, Шуҳрат Ғаниев ва Дониёр Қодиров президент маслаҳатчилари сифатида тайинланди. Шу билан бирга, Одил Абдураҳмонов эски маслаҳатчи лавозимидан озод қилиниб, департамент раҳбари сифатида ишлашга ўтказилди. Қаҳрамон Қуронбоев эса ўринбосар лавозимидан департамент бошлиғига кўтарилди.
Янги фармонга мувофиқ, камида олтита маслаҳатчи лавозими ташкил этилиб, уларнинг ҳар бири учун алоҳида департамент яратилган. Шу тарзда, раҳбар ўринбосарлари лавозимлари эса бекор қилинди.
2019-2022 йилларда Инвестициялар ва ташқи савдо вазири сифатида фаолият юритган Сардор Умрзоқов 2022- йил 16 июлда Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланган. 2023- йил 17 августда давлат раҳбарининг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланиши муносабати билан лавозимидан озод этилган. Шу билан бирга, Президент Администрацияси раҳбари лавозими тугатилган.
2023 йил: Тузилмани тубдан ўзгартириш
2023 йил 17 августда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Президент Администрацияси тузилмасини ўзгартириш тўғрисидаги фармон имзоланди. Ушбу ўзгаришларда Администрация раҳбари ва унинг ўринбосарлари лавозимлари тугатилди, маслаҳатчилар сони 9 тадан 11 тага оширилди. Янги тузилма Президент фаолиятини янада самарали қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Хусусан,Саида Шавкатовна Мирзиёева 2023 йил августида Президент ёрдамчиси лавозимига тайинланди.
2025 йилнинг 14 июль куни Шавкат Мирзиёев томонидан «Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон имзоланди. Ушбу фармонга мувофиқ, Президент Администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди. Натижада Администрация ва унинг таркибидаги ташкилотларда 284 та штат қисқартирилди, такрорланувчи лавозимлар оптималлаштирилди.
Фармонга асосан, эндиликда Президент Администрацияси фаолиятида 5 та устувор йўналиш белгиланди.
Булар — таълим, бизнес, суд-ҳуқуқ тизими, тиббиёт ва сув ресурслари масалаларидир. Ушбу йўналишларда ислоҳотларни самарали амалга ошириш мақсадида Президент Администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.