Россия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, ҳарбийлар чегарани бузган қуролли гуруҳларни аниқлаш ва йўқ қилиш, эгаллаб олинган объектлар ва аҳоли пунктларини озод этиш, жойларда тозалаш ишларини олиб боришни машқ қилади. Машғулотларда махсус техника, разведка дронлари ва зарба вертолётлари иштирок этади.
Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси бўлинмалари машғулотларда асосий контингент сифатида қатнашмоқда. Бу база Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий объекти ҳисобланади ва Душанбе ҳамда Бохтар шаҳарларида жойлашган. Унинг таркибида мотоўқчи, танк, артиллерия, разведка ва алоқа бўлинмалари фаолият юритади.
Россиялик ҳарбий хизматчилар Тожикистон ва Ўзбекистон тоғ ҳудудлари орқали 300 км масофани босиб ўтиб, Термиз полигонига етиб келди. Улар орасида штурм гуруҳлари, радиоэлектрон кураш бўлинмалари ва FPV дронларини бошқарувчи гуруҳлар бор.
Машғулотлар икки давлат ҳарбий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, жанговар шайликни ошириш ва чегара хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда. Бу турдаги машғулотлар икки мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади.