Сунъий интеллект дори воситалари бозорига ҳам кириб келмоқда

10:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда фармацевтика, тиббиёт ва бошқа муҳим соҳаларда сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш режалаштирилмоқда. Ҳукумат 2025–2026 йилларда ушбу соҳада устувор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қарор қабул қилди.

Suniy shifokor

Қарорга мувофиқ, дори воситаларининг бозордаги эҳтиёжини таҳлил қилиш ва прогнозлаш имконини берувчи махсус дастурий таъминот ишлаб чиқилади. Бу лойиҳа 2025 йил октябригача ишлаб чиқилиб, 2027 йил бошида «Фармацевтик маҳсулотлар хавфсизлиги маркази»да синов тариқасида ишга туширилади. Йилнинг иккинчи ярмида эса тизимни тўлиқ ишга тушириш кўзда тутилган.

Шунингдек, клиник қарорлар қабул қилишни автоматлаштирувчи ва тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган янги рақамли ёрдамчи дастур ҳам ишлаб чиқилади. 2025 йил сентябригача лойиҳанинг техник ҳужжатлари тайёрланиб, 2026 йил октябридан Тошкент шаҳридаги Олмазор туманидаги марказий поликлиника ва «Шоҳ сарой» хусусий клиникасида синов режимида фаолият бошлайди. Тўлиқ жорий этиш 2026 йил декабрига мўлжалланган.

Келгусида кўкрак қафасидаги патологияларни — ўсмалар, яллиғланишлар ва бошқа ўзгаришларни — аниқлаш учун рентген ва КТ тасвирларини таҳлил қилувчи сунъий интеллект дастури ишлаб чиқилиши ҳам режалаштирилган.

Лойиҳалар нафақат соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида, балки транспорт, экология, логистика, саноат, хизмат кўрсатиш ва жамоат хавфсизлиги каби тармоқларда ҳам сунъий интеллектни жорий этишни назарда тутади.

Маълумки, Ўзбекистонда «Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси» тасдиқланган. Унга кўра, ушбу соҳадаги дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш, шунингдек, Сунъий интеллектга тайёргарлик индексида жаҳоннинг етакчи 50 давлати қаторига кириш мақсад қилинган.