Тожикистон Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳасига қўшилмоқчи. Мақсад нима?

20:45 | 5 дақиқада ўқилади.

Тожикистон Хитой орқали Европага юк ва йўловчи ташишни йўлга қўйиш мақсадида Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳасида иштирок этиш ниятини билдирди. Бу борада музокаралар Хитойнинг Тянцзин шаҳрида ўтди.

Temir yol

Тожикистон Транспорт вазири Азим Иброҳим Хитой Транспорт вазири Лю Вэй билан учрашувда Тожикистоннинг Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳасига қўшилиш имкониятларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тожикистон Транспорт вазирлиги расмий сайти хабар берди.

Учрашув 2 июл куни Хитойнинг Тянцзин шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар транспорт вазирларининг 12-йиғилиши доирасида ўтказилган.

Расмий маълумотда таъкидланишича, томонлар «Хитой – Тожикистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия – Европа» мультимодал коридорини ривожлантириш ва Тожикистонни Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳасига қўшиш масалаларини кўриб чиққан.

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси мазкур мамлакатларнинг темир йўл тармоқларини Туркманистон, Эрон ва Туркия орқали Европа темир йўл тизими билан боғлашни кўзда тутади. Бу лойиҳа Янги ипак йўли транспорт тизими доирасида амалга оширилади.

Узоқ муҳокамалардан сўнг Қирғизистон ҳудудидан ўтадиган йўналиш сифатида «шимолий» маршрут танланган. Унга кўра, темир йўл Хитойнинг Кашгар шаҳридан бошланиб, Торугарт чегара пункти, Арпа водиси, Қўш-Дебе, Макмал қишлоқлари ва Жалолобод шаҳри орқали Ўзбекистонга киради.

Илк режаларга кўра, Қирғизистондаги участка 268,4 км, Хитойдаги қисми эса 165 км бўлиши белгиланганди. Кейинроқ лойиҳа умумий узунлиги 532,53 км этиб қайта ҳисобланган: шундан Хитой ҳудудида – 158,04 км, Қирғизистонда – 304,94 км.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил декабр ойида Душанбе шаҳрида Хитой – Қирғизистон – Тожикистон – Афғонистон – Эрон темир йўли лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича дастлабки келишув имзоланган эди. Унга кўра, темир йўл Кашгардан бошланиб, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон орқали Герат шаҳригача етиб боради, кейинчалик эса Эрон темир йўлига уланиши режалаштирилган.

Шунингдек, Эрон ҳукумати Тожикистонда темир йўл қурилиши имкониятларини ўрганиш учун 1 миллион доллар миқдорида бепул ёрдам ажратишини маълум қилганди. Тожикистон Транспорт вазирлиги ва Эроннинг «Метро» компанияси тегишли ҳужжатни имзолаган, ушбу келишув парламентнинг қуйи палатаси томонидан тасдиқланган.

Тожикистон ҳудудидаги йўлнинг узунлиги тахминан 270 км бўлиши ва Ваҳдат шаҳридан Қаратеғин водиси орқали Қирғизистон билан чегарадош Қарамиқ пунктиеча қурилиши режалаштирилган эди. Аммо Эрон томонидан молиялаштириш тўхтатилган. Бу лойиҳа бўйича фақат бир марта — 2013 йилда 200 минг доллар миқдорида транш ажратилган.