Бу тизим ҳозирча 10 та пиёдалар ўтиш жойига ўрнатилган ва аввалги уч кунда 1700 дан ортиқ қоид бузилиш ҳолати қайд этилган. Мазкур маълумотини Ички ишлар вазирлиги ЙҲХХ департаменти матбуот котиби Зойир Йўлдошев ҳам Spot нашрига расман тасдиқлаган.
Блогер Никита Макаренко ўзининг Telegram-каналида мазкур видеокамералар фаолият юритаётганини тасдиқловчи видеолар билан пост ёзди. Блогер Макаренконинг таъкидлашича, тизим пиёда ўтиш йўлакларида ҳаракатланувчи фуқароларни автоматик тарзда аниқлайди ва уларни ўтказмаган ҳайдовчиларга жарима юборади. Ушбу технологик ёндашув Тошкент шаҳар ЙҲХХ хизмати фаолиятидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Макаренко ҳудуддаги хавфсизликни таъминлаш йўлида ҳаракат қилаётган давлат ходимлари мавжудлигини қайд этар экан, ушбу жараённи PR эмас, балки самарали бошланғич сифатида баҳолади. У ҳайдовчиларни пиёдаларга йўл беришга даъват қилди.
Маълум қилинишича, келгусида шундай СИ-камералар яна 30 та чорраҳага ўрнатилиши режалаштирилган. Бу эса Тошкентда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда янги босқични бошлаб беради.