Axios агентлигининг хабар қилишича, мазкур пакетга ракета тизимлари, ҳаво ҳужумидан ҳимоя мажмуалари ва артиллерия снарядлари киради. Манбаларнинг таъкидлашича, улар орасида Россия ҳудудининг ичкарисига зарба бера оладиган узоқ масофали ракеталар ҳам бор.
CNN маълумотига кўра, Вашингтон қуролларни тўғридан тўғри Украинага эмас, балки НАТО давлатларига сотиб, улар орқали етказиб беришни режалаштирган. Бу схеманинг яна бир жиҳати — АҚШнинг узоқ муддатли иқтисодий манфаати. Масалан, бир дона Patriot мажмуасининг нархи 1 млрд долларга етади. Доналд Трампнинг ўзи бу келишувларни АҚШ мудофаа саноати учун фойда келтиради, дея таъкидлаб келади.
14 июл куни Оқ уйда НАТО бош котиби Марк Рютте билан ўтказилган матбуот анжуманида Доналд Трамп ушбу ташаббусни расман эълон қилди. Унга кўра, Европа давлатлари ўз захираларидан Украинага қурол беришади, АҚШ эса уларга янгисини етказиб беради. «Биз ишлаб чиқарамиз, улар тўлайди», — деди Трамп.
Президентнинг айтишича, Украина 17 тача Patriot мажмуаси олиши мумкин ва уларнинг баъзилари яқин кунларда етказиб берилади. Трамп шунингдек, Россиянинг музокараларга тайёр эмаслигидан чуқур ранжишини билдириб, агар 50 кун ичида тинчлик шартномасига эришилмаса, АҚШ Россия ва унинг ҳамкорларига нисбатан 100 фоизлик иккинчи даражали божлар жорий этишини маълум қилди.