Беҳзод Ҳошимов: UZIMEI тизими олиб ташланса ўзбекистонликлар миллиардлаб долларга бойиши мумкин

18:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов UZIMEI тизими фуқароларни на фақат маблағ, балки вақт билан ҳам қиммат тўловга мажбур қилиб қўйганини айтди. Унинг фикрича, IMEI орқали телефон — меҳнат қуролини сунъий тарзда қимматлаштириш мамлакат иқтисодига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.

Begzod hoshimov

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Uzbekonomics подкастининг навбатдаги сонида UZIMEI тизимининг Ўзбекистон истеъмолчилари учун юзага келтираётган тўғридан-тўғри ва билинмайдиган харажатларини муҳокама қилди. Унинг таъкидлашича, IMEI орқали мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш жараёни аҳолидан фақат маблағ эмас, балки қимматбаҳо вақтни ҳам талаб қилмоқда.

Ҳошимов айтишича, телефон — бу кўпчилик учун меҳнат қуроли ҳисобланади. «Йўқ жойдан меҳнат қуролини қимматлаштириш орқали биз фуқароларнинг иқтисодий имкониятларини чеклаяпмиз», деди у. Иқтисодчи, шунингдек, UZIMEI тизими орқали бир неча миллиард долларлик иқтисодий зарар юзага келаётганини, бу тизимнинг бекор қилиниши эса ўзбекистонликларни тўғридан-тўғри бойитишини таъкидлади.

Унинг фикрича, бу тизимнинг мавжудлиги мамлакатдаги ташқи савдо сиёсати, товарлар нархи ва расмий каналлардаги чекловлар билан боғлиқ. Одамлар ташқи бозордан арзон маҳсулот олиб киришга уринаётгани — ички бозордаги муаммолардан далолат.

Ҳошимов IMEI тизимида ҳар бир фойдаланувчи телефон учун ўртача 20–30 дақиқа сарфлаётганини таъкидлади. Агар йилда бир миллион киши телефон олиб кирса, бу умумий ҳисобда инсонларнинг юзлаб йиллик вақтини йўқотишига сабаб бўлади. Бу жараёнга божхона ходимлари вақти ҳам сарфланмоқда.

Айни пайтда IMEI кодини қонуний рўйхатдан ўтказиш мураккаблиги ва қимматлиги сабаб бозорда 30–250 долларгача пуллик хизматлар пайдо бўлган.

Хукумат бу тизимни қурилмалардан ноқонуний фойдаланишга қарши кураш, сифатсиз техникага чек қўйиш мақсадида жорий қилган эди. Аммо ижтимоий муҳокамалар, петициялар ва иқтисодий мулоҳазаларга кўра, бу тизим кўпроқ ноқулайлик ва иқтисодий юк келтирмоқда. 8 июл куни эса сенатор Кобул Турсунов UZIMEI тизими бўйича рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовга сенатор сўрови юборганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Facebook ижтимоий тармоғидаги «Потребител.уз» гуруҳи фойдаланувчилари Тошкентдаги «Малика» бозорида телефон IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш нархи анча ошганидан шикоят қилган эди.