«Хоҳлаймиз, лекин қодир эмасмиз»: Европа ва Марказий Осиёда туғилиш кескин камаймоқда

22:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Бугунги кунда Европа ва Марказий Осиёнинг кўплаб мамлакатларида туғилиш даражасининг кескин пасайиши, аҳолининг қариши ва ёшларнинг кўчиб кетиши кузатилмоқда.

Europe

Бу ҳолатга жавобан туғилишни ошириш ва демографик рағбатлар бериш ҳақида чақириқлар янграмоқда. Бироқ, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг 2025 йилдаги «Дунё аҳолиси» ҳисоботида таъкидланишича, демографик статистика ортида бошқа, янада чуқурроқ инқироз яширинган. Бу — инсонларнинг ўз ихтиёрига кўра оила қуриш ва фарзандли бўлиш имконияти чекланаётгани, яъни ҳақиқий маънодаги фарзанд кўриш эркинлиги инқирози билан боғлиқ муаммодир.

UNFPA таъкидлашича, дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар хоҳлаганча фарзанд кўриш имкониятига эга эмас ёки, аксинча, режалаштирилмаган ҳомиладорлик ҳолатлари билан тўқнаш келмоқда.

UNFPA халқаро тадқиқот компанияси YouGov билан ҳамкорликда Венгрия ва Германияни ҳам ўз ичига олган 14 та давлатда 14 мингдан ортиқ инсон ўртасида сўровнома ўтказди. Тадқиқот натижалари шундан далолат берадики, инсонларнинг хоҳишлари билан амалдаги натижалар ўртасида жиддий фарқ мавжуд: сўровда қатнашганларнинг тахминан учдан бир қисми (32 фоиз) режалаштирилмаган ҳомиладорликка дуч келган, деярли тўртдан бир қисми (23 фоиз) эса ўзлари хоҳлаган вақтда фарзанд кўриш имкониятига эга бўлмаганини таъкидлаган. Шу билан бирга, 50 ёшдан ошган катталарнинг 31 фоизи ўзлари истаган миқдордан камроқ фарзанд кўрганлигини маълум қилган.

Фарзанд кўришда энг кенг тарқалган тўсиқ сифатида молиявий чекловлар кўрсатилган — сўровда қатнашганларнинг 39 фоизи айнан шу омилни таъкидлаган.

Бошқа муҳим сабаблар қаторида эса муносиб турар жойнинг йўқлиги (19 фоиз), иш ўрнининг барқарор эмаслиги (21 фоиз) ва келажакдан қўрқиш — жумладан, урушлар, пандемиялар ва экологик офатлардан хавотир (19 фоиз) каби омиллар қайд этилган.