Камерунда 92 ёшли президент саккизинчи муддатга даъвогарлик қилмоқчи

21:20 | 9 дақиқада ўқилади.

Пол Бия дунёнинг энг ёши катта президенти бўлиб, агар навбатдаги сайловлардa ҳам ғолиб чиқиб, ўлмай турса, 100 ёшигача мамлакатни бошқаради.

Paul biya

Камерун президенти Пол Бия, 92 ёшда бўлишига қарамай, 12 октябр куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида саккизинчи бор иштирок этмоқчи. Дунёнинг энг ёши катта давлат раҳбари ҳисобланган Бия бу ҳақда якшанба куни Х ижтимоий тармоғида француз ва инглиз тилларида эълон қилган.

«Мен президентлик сайловида номзодман. Хотиржам бўлинг, сизга хизмат қилишга бўлган қатъиятим ҳозирги муаммолар даражасига тўлиқ мос келади», — деб ёзди Пол Бия.

Агар Бия яна сайланса, деярли 100 ёшгача президентлик лавозимида қолиши мумкин. У ҳокимият тепасига 1982 йилда, ўша вақтдаги президент Аҳмаду Аҳижо истеъфога чиққанидан кейин келган. Бия ўшандан бери Камерунни бошқариб келмоқда.

Унинг соғлиғи сўнгги йилларда тез-тез муҳокама қилинмоқда. Масалан, ўтган йили у 42 кун давомида жамоатчилик олдида кўриниш бермаган эди. Унинг қайта номзод бўлиши кўпчилик томонидан кутилаётган бўлса-да, лекин ҳали  расман тасдиқланмаган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ва юрист Нконго Феликс Агбор The Assiciated Press ахборот агентлигига берган интервюсида шундай деди:

«Президент Биянинг яна сайловга номзодини қўйиши —Камерунда сиёсий ўзгаришлар тўхтаб қолганининг яққол белгиси. 40 йилдан ортиқ вақт давомида ҳокимиятда бўлган Бия ўрнига энди мамлакат янгиланишга муҳтож. Камерун халқи чинакам демократия ва масъулиятли раҳбарликка лойиқ».

13 июл кунги эълон Биянинг соғлиғи ва лавозимга қанчалик лаёқатли эканлиги ҳақидаги баҳс-мунозараларни яна кучайтирди. У кўп ҳолларда омма олдида кам кўринади ва кўплаб вазифаларни президент девони раҳбарига топширади.

2024 йилнинг октябр ойида у 42 кунлик танаффусдан сўнг Камерунга қайтганди. Бу эса унинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги тахминларга сабаб бўлди. Бироқ ҳукумат Бия соғлом эканини айтиб, халққа унинг соғлиғи ҳақида гапиришни тақиқлади — бу масала «миллий хавфсизлик» доирасига киришини билдирди.

Шунингдек, Бия 2008 йилда конституциявий ўзгариш орқали президентлик муддатига қўйилган чекловни бекор қилган. Бу эса унга исталганча президентликда қолиш имконини берган. У 2018 йилги сайловда 71,18 фоиз овоз билан ғалаба қозонди, аммо мухолифат бу сайловда кенг кўламли қонунбузарликлар бўлганини айтган.

1960-йилларнинг бошида Франция ва Буюк Британиядан мустақилликка эришган какао ва нефт ишлаб чиқарувчи Марказий Африка давлати Камерун шу пайтгача атиги икки президентга эга бўлган. Агар ҳозирги президент Пол Бия соғлиги туфайли лавозимда қололмаса ёки вафот этса, мамлакатда сиёсий беқарорлик ва ворислик бўйича инқироз юзага келиши мумкин.

Биядан ташқари, бир нечта мухолифат вакиллари ҳам президентлик сайловида иштирок этишни режалаштирганини эълон қилган. Улар орасида:

  • Морис Камто – 2018 йилги сайловда иккинчи ўринни олган, Камерун Уйғониш ҳаракати етакчиси;
  • Жошуа Оси – Социал-демократик фронт вакили;
  • Акере Муна – таниқли адвокат;
  • Кабрал Либии – Миллий ярашув партияси номзоди бор.

Уларнинг барчаси Биянинг узоқ йиллик ҳокимиятини танқид қилган ва 2015-йилги сайлов адолатли ўтиши учун ислоҳотлар зарурлигини таъкидлаган. Биянинг президентлиги даврида Камерун иқтисодий муаммолар, хавфсизлик таҳдидлари ва ижтимоий зиддиятлар билан дуч келган. Хусусан, мамлакатнинг инглиз тилида сўзлашувчи ҳудудларида узоқ давом этаётган айирмачилик можароси ва шимолда «Боко Ҳарам» террорчи гуруҳи томонидан амалга оширилаётган ҳужумлар жиддий хавотир уйғотмоқда.

 

Дунёдаги узоқ муддат мамлакатни бошқарган қария президентлари

Пол Биядан ёшроқ бўлса-да, ундан-да узоқроқ муддат ҳокимият тепасида қолаётган фаол раҳбарларидан бири — Экваториал Гвинея президенти Теодоро Обианг Нгуэма Мбасого ҳисобланади. У 1979 йилдан бери, яъни 45 йилдан ортиқ вақт давомида давлатни бошқариб келмоқда. Бироқ унинг ёши 82 да. Обианг ҳам ҳокимиятни кучли назорат остида ушлаб туради ва унинг бошқаруви давомида сиёсий эркинликлар анча чекланган.

Уганда президенти Ёшери Мусевени ҳам узоқ муддат ҳокимиятда қолган раҳбарлар сирасига киради. У 1986 йилдан бери давлатни бошқаради. Ҳозир у 79 ёшда. У конституциявий чекловларни бекор қилиб, президентлик муддатлари ва ёш чегараларини олиб ташлади, бу эса унинг ҳокимиятда қолишини давом эттиришига йўл очди.

Тарихда эса бу борада энг машҳур шахс Роберт Мугабе бўлган. Зимбабве президенти сифатида 1980 йилдан 2017 йилгача – 37 йил лавозимда турган Мугабе 93 ёшгача президент бўлиб қолган ва фақат ҳарбий босим остида истеъфога чиқишга мажбур бўлган. У 2019 йилда 95 ёшида вафот этди. Шунингдек, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳам узоқ вақт — 29 йил ҳокимиятда қолган. У 1990 йилдан 2019 йилгача президент лавозимида ишлаб, кейинчалик лавозимни топширган бўлса-да, узоқ вақт двомида сиёсий таъсирини сақлаб қолган.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.