Қатарнинг Jusour рекрутинг агентлиги билан ҳамкорликда ўзбекистонликлар учун меҳмонхона соҳасида 15 йўналиш бўйича бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда. Аризалар қабул қилиниши бошланган. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Номзодлар 21 ёшдан катта бўлиши, инглиз тилини камида B1 даражасида билиши, судланмаган бўлиши ҳамда хорижга чиқишига тақиқ қўйилмаган бўлиши керак. Ишга қабул қилинадиган шахслар Қатарга бориш харажатларидан озод қилинади, уларга ишчи визаси расмийлаштирилади ва тиббий суғурта ҳамда маҳаллий транспорт, турар жой ва овқат билан таъминланади.
Талабгорлардан ўз иш тажрибасини кўрсатувчи, инглиз тилида тузилган резюме талаб этилади. Унда компания номи, ишлаган йиллари ва бажарган вазифалари кўрсатилиши шарт. Рўйхатдан ўтиш ишга жойлашиш кафолати эмас. Танлов фақат иш берувчилар томонидан келган талабномаларга асосан амалга оширилади.
Айни пайтда бу Қатарнинг ўзбекистонликлар учун биринчи иш таклифи эмас. Жорий йил 24 март куни Hamad Medical Corporation компанияси ҳамширалар учун 2750 доллар маош таклиф этган эди. Ўшанда 10 та иш ўрни таклиф қилиниб, талаблар қаторида 18−50 ёш, камида 2 йиллик иш стажи ва юқори даражадаги инглиз тили билимлари талаб этилган.