Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2011 йилдан буён амал қилиб келаётган банклар ва уларнинг филиалларида текшириш ўтказиш тартибини белгилайдиган низомга янги ўзгартишлар киритди. Ушбу ўзгартишлар 2024 йил 11 сентябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг коррупцияга қарши қаратилган 562-сон қарори асосида амалга оширилди.
Низомнинг муқаддимаси қайта таҳрирланиб, унда мазкур ҳужжат Марказий банк томонидан амалга ошириладиган инспекцияларнинг ҳуқуқий асосларини белгилаши аниқ қайд этилди.
Эндиликда текширишда банкларнинг таваккалчиликка мойиллиги, иқтисодий нормаларга амал қилиши, капитал, активлар сифати ва даромадлар ҳолатига ташқи омиллар таъсирини аниқлашга катта эътибор қаратилади.
Шунингдек, комплекс ва алоҳида масалалар бўйича текширишлар чоғида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳолати масофадан назорат қилиш натижаларига асосан текширилиши мумкин. Бу жараён Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси қарори билан амалга оширилади.
Қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради. Ушбу ўзгартишлар банк назоратида шаффофлик ва самарадорликни янада кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.