Марказий Осиёда сув танқислиги: Совет лойиҳаси яна кун тартибида

21:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Марказий Осиёда сув ресурслари танқислиги янада кескинлашмоқда. Иқлим ўзгариши ва аҳоли ўсиши ортидан минтақа мутахассислари СССР давридаги катта лойиҳа — Сибир дарёлари сувини жанубга йўналтириш ғоясини қайта муҳокама қила бошлади.

Suv tanqisligi

Марказий Осиёда давом этаётган сув танқислиги минтақада экологик ва ижтимоий хавфларни кучайтирмоқда. Айниқса, глобал иқлим ўзгариши ва аҳоли сони ортиши катта босим яратиб, мутахассислар ва сиёсий доираларни Совет Иттифоқи давридаги йирик лойиҳа — Сибир дарёларининг бир қисмини жанубга буриш масаласини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда.

Jamestown Foundation таҳлил маркази маълумотларига кўра, узоқ давом этаётган қурғоқчилик ва сув танқислиги натижалари Россиянинг жанубий ҳудудларига ҳам таъсир қила бошлаган. Айрим расмийлар эса агар масала ечилмаса, миллионлаб одамлар шимолга кўчиб кета бошлаши мумкинлигини инкор этмаяпти.

Россиядаги лойиҳанинг тарафдорлари замонавий технологиялар орқали экологик хавфни камайтириш мумкинлигини таъкидламоқда. Улар очиқ каналлар ўрнига йўллар бўйлаб йўналтириладиган магистрал қувурлардан фойдаланишни таклиф қиляпти.

Бироқ расмий Москва сув экспорт қилинишини молиявий компенсациясиз амалга оширишни рад этмоқда. Об ва Иртиш дарёларида сув сатҳининг пасайиши, ўрмон ёнғинлари хавфи ҳамда Сибир экотизимларидаги мувозанатнинг бузилиши асосий хавотир сифатида кўрсатилмоқда.

Бундан ташқари, Хитой, Афғонистон ва Қозоғистон каби мамлакатлар томонидан амалга оширилаётган мустақил гидротехник лойиҳалар — Иртишдаги тўғонлар, Қўштепа канали, ҳамда ички инфратузилмалар — Москвадаги музокараларда Россия позициясини мустаҳкамламоқда, яъни, бу Россияга мавжуд сув ресурсларини оқилона ва самарали бошқарилмаётганини кўрсатиш имконини беради.

1970-йилларда ишлаб чиқилган дарё йўналишларини ўзгартиришга қаратилган дастлабки совет лойиҳаси 2 500 километр узунликдаги «Сибир – Ўрта Осиё» каналини қуришни назарда тутган. Экологик оқибатларни бартараф этиш харажатларини ҳисобга олмаган ҳолда, ушбу улкан лойиҳанинг умумий қиймати бугунги ҳисоб-китобларга кўра тахминан 30–40 миллиард АҚШ долларига тенг баҳоланган.