Микрокредит ва автокредит фоизлари ҳали пасайгани йўқ

18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўтган икки ҳафтада Ўзбекистонда микрокредит ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари ўсишда давом этмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, айрим банкларда фоизлар янада қимматлашган ва бу бозорда рақобат ёки тартибга солиш таъсири ҳозирча сезиларли эмаслигини кўрсатмоқда.

Kredit

Марказий банкнинг микрокредит ва автокредитлар бўйича банклар кесимидаги ўртача фоиз ставкаларини эълон қилиш амалиёти иккинчи ҳафтанинг якунларига етиб келди. Бироқ бу давр мобайнида энг юқори фоизларнинг пасайиши ёки ставкаларнинг ўртача даражага яқинлашиши ҳолати кузатилмади.

Аксинча, охирги икки ҳафтада микрокредитлар бўйича энг юқори фоиз ставка 40,0 фоиздан 40,8 фоизгача кўтарилган. Автокредитлар бўйича эса бу кўрсаткич 29,0 фоиздан 29,1 фоизгача ўсган. Ўртача ставка микрокредитларда 34,9 фоиздан 35,4 фоизга, автокредитларда эса 24,1 фоиздан 24,3 фоизгача ошган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, бу ҳолат истеъмолчиларга бозордаги шароитни чуқур таҳлил қилиш, турли кредит маҳсулотлари ўртасида фарқни англаш зарурлигини кўрсатади. Масалан, «паст фоизли» деб эълон қилинадиган, лекин қаттиқ гаров ёки иш ҳақи лойиҳаси шартларига боғланган микрокредитлар гаровсиз кредитлар билан тўғридан-тўғри таққослаб бўлмайди.

Автокредитлар бўйича ҳам шундай: бирламчи бозордаги ва автосалонларда бериладиган, фоизининг бир қисми ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи томонидан субсидияланадиган кредитлар иккиламчи бозордаги, комиссионерлар иштирокидаги қарз турлари билан фарқ қилади.

Шу боис, истеъмолчилар кредит шартларини пухта ўрганиш, тўлиқ маълумотга эга бўлмасдан қарор қабул қилмасликлари зарур.