15 июл воқеаси қандай бошланди?
Бундан тўққиз йил аввал, худди шу кунда Туркия халқи қонли давлат тўнтаришига уринишларга гувоҳ бўлди. Барчаси Туркия армияси ва ҳуқуқ-тартибот органлари хизматида бўлган ҳарбийларнинг мамлакатнинг стратегик обектларига ҳужум қилишидан бошланди. Уларнинг асосий мақсади амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғанни ҳукуматдан четлаштириб, тўнтаришни амалга ошириш эди.
Исёнчилар Анқарада F-16 қирувчи самолётлари ёрдамида президент саройи ва ўша пайтда депутатлар йиғилиши бўлиб ўтаётган парламент биносига авиазарбалар берди.
Ҳарбий тўнтариш уринишидан сўнг мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилинди ва комендантлик соати жорий этилди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған FaceTime иловаси орқали CNN Türk телеканали орқали халқга мурожаат қилиб, уларни фитначиларга қарши кўчаларга чиқишга чақирди.
Эрдўғаннинг айтишича, бу фитнанинг ортида АҚШда истиқомат қилаётган Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги FETÖ террорчилик ташкилоти турган.
Расмий статистикаларга кўра, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга уринишда 9 мингга яқин ҳарбий иштирок этган. Исёнчи ҳарбийлар 35 та самолёт, жумладан, 24 та қирувчи самолёт ва 37 та вертолётдан фойдаланган.
Туркиянинг мустақиллиги ва келажаги учун курашда 252 киши шаҳид бўлди. Мамлакат озодлиги учун курашган тинч аҳоли, полиция ва ҳарбийлардан 150 нафари Анқарада, 99 нафари Истанбулда ва икки нафари Муғлада ҳалок бўлган.
Тўнтариш тўнтаришига уринишдан буён ҳозиргача жами 113 минг 837 нафар гумонланувчи қамоққа олинган. Қамоққа олинганларнинг лавозимлари:
- 15 032 — полиция ходими;
- 13 599 — турли лавозимдаги ҳарбийлар;
- 8 081 — зобит;
- 2 305 — судя;
- 938 — прокурор;
- 191 — генерал;
- 174 — туман ҳокими;
- 93 — волий ёрдамчиси
- 24 — волий
- 19— ички ишлар назоратчиси
Мухолифат етакчиси Фатҳуллоҳ Гулен ким?
Фатҳуллоҳ Гулен — турк диний уламоси, ёзувчи ва ижтимоий ҳаракат етакчиси бўлиб, у асосан «Хизмат ҳаракати» деб номланувчи халқаро таълим ва диний-ижтимоий тармоқ асосчиси сифатида танилган. У 1941 йил 27 апрелда Туркиянинг шарқий қисмидаги Эрзурум вилоятида туғилган. Дастлабки диний билимларни отасидан ва маҳаллий уламолардан олган Гулен, ёшлигидан бошлаб ислом, ахлоқ ва маънавият масалаларига чуқур қизиқиб келган. Унинг фаолияти 1960-йиллардан бошлаб кучайган бўлиб, дастлаб имом сифатида ишлаган, кейинчалик эса ўзининг диний ва ижтимоий қарашларини кенг оммага тарғиб қила бошлаган.
Дастлабки йилларда Гулен ҳаракати ва Туркия ҳукумати, хусусан, Ражаб Тоййиб Эрдўған бошчилигидаги Адолат ва тараққиёт партияси (АКП) ўртасида яқин ҳамкорлик мавжуд эди. Бироқ 2013 йилдан бошлаб бу муносабатлар кескин ёмонлашди. Эрдоған ҳукумати Гулен ҳаракатини давлат ичида яширин тармоқ тузишда, ҳокимиятга таъсир ўтказишга уринишда айблай бошлади. Бу зиддият 2016 йил 15 июлдаги ҳарбий тўнтаришга уриниш билан янада чуқурлашди. Туркия ҳукумати айнан Гулен ва унинг тарафдорларини бу фитнани уюштирганликда айблади. Гулен эса бу айбловларни қатъиян рад этиб, тўнтаришга алоқаси йўқлигини билдирди.
Шундан сўнг Туркия ҳукумати Гулен ҳаракатини «FETÖ» (Фатҳуллоҳчилар террористик ташкилоти) деб эълон қилди ва уни террорчи деб тан олди. Натижада мамлакатда юз минглаб одамлар – ҳарбийлар, ўқитувчилар, полициячилар ва давлат хизматчилари ушбу ҳаракатга алоқадорликда гумонланиб ишдан бўшатилди ёки ҳибсга олинди. Фатҳуллоҳ Гулен эса 1999 йилдан умрининг охиригача АҚШнинг Пенсилвания штатида муҳожирликда яшади. Туркия уни экстрадиция қилишни талаб қилган, бироқ бу талаб АҚШ томонидан қаноатлантирилмаган.
Нега тўнтаришнинг олдини олиш чоралари кўрилмади?
«Биринчидан, Гуленчиларнинг тармоғи ўта махфий ва сирли рўйхат асосида шакллантирилган. Улар иккиюзламачилик асосида иш олиб боришди: ким душман, ким дўст, англаш қийин эди», дея фикр билдирган Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ишлаган Аҳмет Башар.
Маълум қилинишича, Туркия разведка бошқармалари бир неча ойлардан буён «Хизмат» аъзолари ўртасидаги ёзишмаларни кузатиб келган, аммо унда тўнтаришнинг режаларини била олишмаган.
15 июл Туркия Республикаси ва турк халқининг тарихида демократия ғалабаси сифатида ўз ўрнини эгаллаган.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.