Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида атом электр станцияси қурилиши лойиҳаси доирасида ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида баённома имзоланди. «Ўзатом» агентлиги мазкур ҳужжат атом энергетикаси соҳасидаги кўп томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлганини таъкидлади.
Баённома Венгрия делегациясининг Тошкентга амалий ташрифи давомида имзоланди. Унга кўра, «Ўзатом» агентлиги, Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ҳамда MVM EGI Zrt. компанияси ўртасида қатор йўналишларда келишувларга эришилди.
Ҳужжатда механик тортиш кучига асосланган қуруқ совутиш тизимларини қўллаш, ускуналар етказиб бериш бўйича техник ва тижорат таклифларини тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистонда қурилмаларни йирик узелли йиғишни йўлга қўйиш назарда тутилган. Бундан ташқари, Венгрия томони таълим ва стажировка дастурларини ишлаб чиқиш орқали малакали мутахассислар тайёрлашни кўзда тутмоқда.
Мазкур ташаббус икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, минтақа миқёсида барқарор ва илғор атом энергетикасини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.