Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси лифт хавфсизлиги бўйича учта муҳим қарорни қабул қилди. Янги регламентга кўра, лифтларнинг лойиҳалаш, ўрнатиш ва фойдаланиш жараёнида иқтисодий операторлар (ишлаб чиқарувчи, ўрнатувчи, дистрибютор ва бошқалар)нинг жавобгарлиги қатъий белгиланади. Шунингдек, маҳсулотнинг хавфига қараб мувофиқликни баҳолаш «модул» тизими асосида босқичма-босқич амалга оширилади.
Бундан ташқари, ҳукумат халқаро стандартларга ўтишни бошлади. ISO/IEC 17020 талабларига мос ташкилотлар томонидан ҳар бир лифт дастлабки ва ҳар йили даврий кўрикдан ўтказилади. Ҳар бир лифт техник ҳолатига қараб махсус рангли ёрлиқлар билан белгиланади — бу орқали аҳоли носоз лифтлар ҳақида тезкор хабар бериш имкониятига эга бўлади.
Янги тизим Европа Иттифоқи ва Туркия тажрибаси асосида жорий этилмоқда. Ҳукуматнинг мақсади — лифтларнинг бутун ҳаёт цикли давомида хавфсизликни таъминлаш ва жамоатчиликда ишонч уйғотиш. Хусусан, сўнгги йилларда Хитой ва Туркиядан келтирилган лифтларда юз берган бахтсиз ҳодисалар бу соҳадаги етишмовчиликларни очиқлашга туртки бўлди.
Туб ислоҳотлар натижасида нафақат лифтларга, балки бошқа турдаги маҳсулотларга ҳам халқаро талаблар асосида мувофиқликни баҳолаш ва назорат қилиш механизмлари босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган.