Қозоғистон Афғонистонни бозорга боғлайди — Трансафғон темир йўлини қуришга келишиб олинди

15.07.2025 19:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Қозоғистон Трансафғон темир йўлини қуриш бўйича Афғонистон билан стратегик келишувга эришди. Лойиҳа орқали Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаш, товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.

Kaz afg 2

Қозоғистон ва Афғонистон Трансафғон темир йўлини қуриш юзасидан ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу бошчилигидаги делегациянинг Қобулга амалга оширган ташрифи чоғида маълум қилинди.

Лойиҳа доирасида Қозоғистон Турғунди — Ҳирот йўналишига сармоя киритиш ва Афғонистон билан савдо айланмасини йилига 3 миллиард долларгача етказиш ниятини билдирган.

Музокаралар чоғида Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ёқилғи ва ўғитларини Афғонистонга етказиб бериш, эвазига афғон маҳсулотларини импорт қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Шунингдек, Нуртлеу Қозоғистон университетларида афғон талабалари учун квоталарни оширишни таклиф этган. Бу таълим ва инсон капиталини ривожлантириш орқали минтақавий яқинлашувга хизмат қилиши мумкин.

Расмий Остона айни пайтда толиблар ҳукуматини террорчилар рўйхатидан чиқарган ҳолда, улар билан иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни чуқурлаштириш сиёсатини олиб бормоқда. Қозоғистон расмийлари Афғонистоннинг минтақавий иқтисодиётга интеграциясини қўллаб-қувватлашларини маълум қилган.