Россияда мактаблар 10 йиллик таълимга қайтиши мумкин: демографияни яхшилаш учун

22:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Россияда мактаб таълим тизимини қайта кўриб чиқиш таклиф қилинди. Жамоатчилик палатаси аъзолари таълим муддатини қисқартириш орқали ёшлар орасида оила қуриш ва болали бўлишни эртароқ рағбатлантирмоқчи.

Rossiya

Жамоатчилик палатасидаги демография, оила ва анъанавий қадриятлар бўйича комиссия раиси Сергей Рибалченко мактабдаги таълимни 10 йиллик тизимга қайтариш, олий таълимдаги ўқиш муддатини эса бир йилга қисқартириш таклифини илгари сурди. Унинг сўзларига кўра, бу чора ёшларни 27 ёшгача турмуш қуриш ва фарзандли бўлишга ундаши мумкин.

Ҳозирги кунда Россияда бола 11 йил мактабда, 4 йил бакалавриатда ва яна 2 йил магистратурада ўқиб, умумий 17 йил таълим олади. Натижада, шахс мустақил ҳаётга фақат 27 ёшда қадам қўяди. Рибалченко таълим муддатини қисқартириш орқали ёшлар мустақил ҳаётга 2 йил олдин киришини ва бу демографияга ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Унинг таъкидлашича, ўқиш давомийлигини қисқартириш таълим сифатининг пасайишига олиб келмайди. Бу борада таълим мазмунида зарур ўзгаришлар киритилиши керак бўлади, деди у ТАСС ахборот агентлигига берган интервюсида.

Шу билан бирга, «Россия православная» ҳаракати раҳбари Михаил Иванов ноанъанавий таклиф билан чиқди. Унингча, фарзандсиз жуфтликлар учун кечки пайтларда интернетдан фойдаланишни чеклаш керак. У интернетни оилалардаги қадриятларни бузадиган асосий омиллардан бири деб атади.

Россия ҳукумати ҳозирча мазкур ташаббусларга расмий муносабат билдирмаган. Бироқ демографияни яхшилашга қаратилган бундай таклифлар мамлакатда ёшлар орасида оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш йўлида янги муҳокамаларни бошлаши мумкин.