Демография масалаларига бағишланган йиғилишда Путин бугунги кунда аёллар етишмаётганини айтди. РФ бош вазири ўринбосари Татяна Голикова бунга икки демографик тўлқин — Иккинчи жаҳон уруши ва 1990-йилларда рўй берган иқтисодий таназзул таъсир қилганини қайд этди. Унинг айтишича, бу икки тўлқин репродуктив ёшдаги аёллар сонига салбий таъсир кўрсатган.
Расмий маълумотларга кўра, Россияда 2006 йилдан буён туғиш ёшидаги аёллар сони 39 миллиондан 34 миллионгача камайган. 2046 йилга бориб бу рақам яна 20 фоизга қисқариб, 27 миллионга тушиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳукумат кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлашни устувор йўналиш сифатида белгиламоқда.
Бироқ ҳозирча анъанавий қадриятлар, кўп болалилик тарғиби ва абортларга чекловлар орқали аҳолининг кўпайишини таъминлашнинг иложи бўлмаяпти. 2025 йилнинг биринчи чорагида туғилишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан яна 4 фоизга камайиб, 288,8 мингга тушди. Бу XVII–XIX асрлар чегарасидаги даражадан ҳам паст кўрсаткич ҳисобланади.
Аҳолининг табиий камайиши туфайли Россия ҳукумати нафақат демографик, балки умумий аҳоли сонига оид маълумотларни ҳам яшира бошлади. 2024 йилда Россияда туғилган болалар сони 1,222 миллионни ташкил этди — бу 1999 йилдан буён энг паст кўрсаткич. Шу йилнинг ўзида ўлимлар туғилишдан 596,2 мингтага кўп бўлди — бу ойига 50 минг, кунига 1,6 минг инсон дегани.
Путин 2018 йилда мамлакатдаги аҳоли камайиши жараёнини тўхтатиш мақсадида «Демография» миллий лойиҳасини бошлаган эди. Аммо 2018–2023 йиллар оралиғида ўлимлар сони туғилишдан 3,4 млнга кўпроқ бўлди. 2024 йилда у яна шу мақсадни 2030 йилгача амалга ошириш вазифасини қўйди.