Ўзбекистондаги «Термиз» полигонида «Ҳамкорлик-2025» Россия-Ўзбекистон қўшма тактик ўқув машғулотлари бошланди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Сурхондарё вилоятидаги «Термиз» полигонида Россия ва Ўзбекистон Қуролли кучлари қўшма ҳарбий машғулотларининг очилиш маросими бўлиб ўтган.
«Тадбир анъанавий равишда ҳарбий хизматчиларнинг умумий саф тортиши билан бошланган. Ҳарбий оркестрлар Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияларини ижро этди, икки мамлакат давлат байроқлари тантанали равишда кўтарилди. Машғулот иштирокчилари ягона сафда дала лагери майдонида тантанали марш билан юриб ўтди», — дейилади хабарда.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ўтказилаётган ҳарбий машқлар доирасида қуйидаги амалиётлар бажарилади:
— Давлат чегарасини бузиб кирган ноқонуний қуролли тузилмаларнинг кичик гуруҳларини аниқлаш ва йўқ қилишда бўлинмаларни бошқариш;
— Чегара ҳудудларида объектлар ва позицияларни эгаллаб олган қуролли гуруҳларни йўқ қилишда бўлинмаларни бошқариш;
— Қўшинлар томонидан олинган иншоотлар ва позицияларни эгаллаш;
— Душманнинг майда гуруҳларига қарши кураш олиб бориш;
— Шунингдек, қуролли тузилмалар эгаллаб олган аҳоли яшаш пунктига ҳужум қилиш ва тозалаш ишларини ташкил этиш.
Қўшма машғулотларнинг фаол босқичи 2025 йил 15-21 июл кунлари ўтказилади.