2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 16 685 та хорижий капитал иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2805 тага кўп бўлиб, ўсиш 20 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Охирги беш йилда бундай корхоналар сони 1,3 баробарга ошган. Айниқса, тузилмадаги ўзгаришлар эътиборга молик: агар 2019 йилда уларнинг деярли ярми қўшма корхоналар бўлган бўлса, бугун бу кўрсаткич 24,7 фоизгача тушган. Эндиликда тўлиқ хорижий мулк шаклидаги корхоналар улуши 75,3 фоизни ташкил этмоқда.
Корхоналар сони асосан савдо (йил давомида 1205 та янги компания), қурилиш (+271) ва ахборот-коммуникация (+256) соҳалари ҳисобига кўпайди. География жиҳатидан эса уларнинг 64,2 фоизи Тошкент шаҳрида жойлашган. Қолганлари асосан Тошкент вилояти (12,3%), Самарқанд (3,7%) ва Сурхондарё (3,3%) вилоятларида фаолият юритмоқда.
Хитой компаниялари 4192 тани ташкил этиб, умумий хорижий компаниялар сонининг 25,1 фоизига тенг. Фақатгина 2025 йилнинг биринчи ярмидаёқ Хитой Ўзбекистонда яна 835 та янги компания очди. Таъкидлаш жоизки, 2024 йилда Хитой Россияни ортда қолдириб, энг йирик хорижий инвестор мақомини қўлга киритганди.