Тошкент шаҳри ва бир қатор вилоятларда ўтказилган тендерлар давомида умумий қиймати 43 миллиард сўмга яқин бўлган давлат харидлари рақобатга зид ҳолатлар туфайли бекор қилинди.
Рақобат қўмитаси ахборотига кўра, биргина Тошкент шаҳрида 25,7 миллиард сўмлик тендерларда ноқонуний ҳолатлар аниқланган. «Uzbekistan Airways», »Халқ банки», «ФК Бунёдкор» ва бошқа йирик ташкилотлар томонидан ўтказилган танловларда рақобат талабларига риоя қилинмаган. Ҳудудий бошқарма махсус комиссияси кўрсатмаси билан ушбу танловлар бекор қилинган.
Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида ҳам давлат буюртмачилари ўтказган савдоларда турли қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилди. Масалан, Жиззахда футбол академияси аутсорсинг хизмати бўйича тендерда рақобатни чекловчи талаблар қўйган. Қашқадарёда баҳолаш мезонларсиз ўтказилган харидлар кузатилган. Барча ҳолатларда буюртмачилар савдоларни ихтиёрий равишда бекор қилган.
Самарқанд вилоятидаги 8 ташкилот ўтказган 12,4 миллиард сўмлик тендерларда ҳам қонунбузилишлар аниқланиб, уларни бекор қилишга эришилди. Хоразмда эса спорт мактаб-интернати ва туман ҳокимлиги каби муассасалар рақобат қонунчилигига зид ҳаракатлар учун огоҳлантирилган ва улар тендерларни бекор қилган.
Рақобат қўмитаси сўнгги вақтларда давлат харидларида шаффофлик ва тенг имкониятларни таъминлаш мақсадида мунтазам мониторинг олиб бормоқда.