Ахборот соҳасида назорат ва мониторинг юритиш ваколатлари АОКАдан «Ўзкомназорат»га ўтказилди

12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент фармонига асосан, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тугатилиб, унинг ахборот соҳасидаги назорат ва мониторинг функциялари Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясига топширилди.

Aoka

Ўзбекистон Президентининг 14 июл куни қабул қилган «Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) тугатилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги расман маълум қилди.

Фармонга биноан, АОКА зиммасида бўлган ахборот соҳасида назорат ва мониторинг юритиш билан боғлиқ вазифалар Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясига (Ўзкомназорат) ўтказилди. Бу ўзгариш соҳада ягона тизимли назоратни шакллантириш ва масъулиятни аниқлаш мақсадини кўзлайди.

Шунингдек, АОКА ҳузурида фаолият юритиб келган Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ эндиликда Президент Администрацияси таркибида иш олиб боради.

Мазкур ўзгаришлар давлат бошқаруви тизимини оптималлаштириш, ортиқча такрорийликларни бартараф этиш ҳамда соҳа самарадорлигини оширишга қаратилган.

Реформа доирасида ахборот сиёсати, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ва жамоатчилик билан муносабатлар борасидаги давлат функциялари бошқа тегишли органларга тақсимланиши ҳам кутилмоқда.

Аввалроқ, давлат бошқаруви тизимида проактивлик ва натижадорликни ошириш мақсадида бир қатор агентлик ва ташкилотлар қайта тузилганлиги ва ваколатлари қайта тақсимланлиги ҳақида хабар берган эдик.