2025 йил бошидан буён Ўзбекистонда автомобил бозорида нисбатан барқарор фаоллик кузатилмоқда. Гарчи мавсумий омиллар туфайли савдода пасайиш тенденцияси кузатилган бўлса-да, июн ойида бирламчи бозорда савдолар бироз тикланди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) таҳлилларига кўра, май ойига нисбатан июнда енгил автомобиллар савдоси 3 фоизга ошган ва бу 80 минг дона автомобил реализациясини англатади.
Шунга қарамай, йил бошидан июн ойигача бўлган даврда автомобил савдоси умумий ҳажми 446 минг донани ташкил этиб, бу ўтган йилнинг шу давридагидан 23 фоиз камдир. Мазкур пасайиш, асосан, иккиламчи бозорда фаолият сусайгани билан боғлиқ. Айнан шу сегментдаги сустлик умумий бозор динамикасига салбий таъсир кўрсатди.
Янги автомобиллар бозорида қандай ўзгаришлар юз берди?
Йилнинг июн ойида Ўзбекистонда бирламчи автомобил бозори бироз жонланди. Ўтган ойга нисбатан савдолар 10 фоиздан кўпроққа ошиб, 2,6 мингта автомобилга кўпайди. Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобилларга талаб юқорилаб, 23,7 минг дона машина сотилди. Бу ўтган ойга қараганда 15,6 фоизга кўп демакдир.
Бироқ, янги хорижий енгил автомобиллар сегментида савдо пасайди. Бу бозор бўйича июн ойида атиги 4 мингта автомобил сотилган бўлиб, бу ўтган ойга нисбатан 12,6 фоизга камдир.
Иккиламчи автомобил бозоридаги ҳолат
Июн ойида Ўзбекистонда 52 мингдан ортиқ ишлатилган енгил автомобил сотилди. Бу кўрсаткич май ойига нисбатан деярли ўзгармаган — атиги 0,4 фоизга кам. Йиллик ҳисобда эса иккиламчи бозорда савдо 1,3 фоизга ошган.
Электромобиллар бозори
Июн ойида электромобил савдоси 5,1 минг донани ташкил этди. Бу май ойига қараганда 1,7 фоизга кам. Гарчи ой давомида озгина пасайиш кузатилган бўлса-да, умумий кўрсаткичлар барқарор ўсишни кўрсатмоқда. Йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатда жами 28,8 мингта электромобил сотилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 62,6 фоизга кўпдир.Электромобилга талаб айниқса Сирдарё, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида кескин ошгани кузатилди.
Ўзбекистонда аҳолига тегишли автомашиналар сони нечта?
Миллий статистика қўмитаси 2025 йил 1 апрел ҳолатига мамлакат ҳудудида жисмоний шахсларга тегишли автотранспорт воситалари сони бўйича маълумотларни эълон қилди.
Расмий маълумотларга кўра, ҳисобот даврида Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли 4 миллион 522,1 минг дона автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтган. Уларнинг асосий қисмини енгил автомобиллар ташкил этиб, умумий автотранспорт воситаларининг 93 фоизини ташкил қилмоқда.
Қўмита ҳисоботига асосан 2025 йилнинг дастлабки уч ойида автомобиллар сони 79,8 минг тага ошган. Жисмоний шахсларга тегишли автотранспорт воситаларининг турлари бўйича ҳолат қуйидагича:
- Енгилавтомобиллар — 4 миллион 207,6 минг дона
- Юкавтомобиллари — 293,3 минг дона
- Микроавтобуслар —7,7 минг дона
- Махсустранспорт воситалари — 7,4 минг дона
- Автобуслар —6,1 минг дона.
Электромобиллар сони
2025 йилнинг 1 апрель ҳолатига Ўзбекистонда 65,2 мингта электромобиль рўйхатга олинган. Ҳудудлар бўйича электромобиллар сони:
- Тошкент шаҳри — 49 736 дона;
- Тошкент вилояти — 4 512 дона;
- Самарқанд вилояти — 1 739 дона;
- Хоразм вилояти — 1 415 дона;
- Фарғона вилояти — 1 376 дона;
- Қашқадарё вилояти — 1 338 дона;
- Бухоро вилояти — 1 133 дона;
- Навоий вилояти — 901 дона;
- Андижон вилояти — 878 дона;
- Наманган вилояти — 700 дона;
- Қорақалпоғистон Респ. — 525 дона;
- Сирдарё вилояти — 404 дона;
- Жиззах вилояти — 302 дона;
- Сурхондарё вилояти — 198 дона.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.