Қозоғистоннинг Кўкшетау шаҳрида янги иссиқлик электр станцияси (ИЭС) қурилиши бошланди. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов ҳукумат матбуот анжуманида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Остона ушбу лойиҳани Россия билан ҳамкорликда амалга оширишни режалаштирган, бироқ молиявий кафолатлар олинмагани боис, қурилиш мустақил бошланган.
Бектенов Россия томонидан арзон кредитлар бўйича аниқ маълумотлар берилмаганини айтди. Шунинг учун Қозоғистон лойиҳани чўзмасдан амалга оширишга қарор қилган. Унинг сўзларига кўра, иссиқлик ва электр энергияси таъминоти мамлакат учун жуда муҳим ва вақтида бажарилиши керак.
2024 йилда Россия ва Қозоғистон учта иссиқлик электр станциясини қуриш бўйича ҳукуматлараро битим имзолаган эди. «Inter RAO» компанияси бош пудратчи бўлиши режалаштирилган. Шартномада лойиҳа Россия банклари томонидан молиялаштирилиши назарда тутилган. Қурилишнинг дастлабки қиймати 2,7 миллиард долларга баҳоланган. Май ойида Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар ҳақида маълум қилган ва Остона янги инвестор излаши кераклигини айтган.
Агар Москва Семей ва Уст-Каменогорскдаги станциялар бўйича яқин вақтда жавоб бермаса, Қозоғистон бу лойиҳаларни ҳам мустақил амалга оширишни бошлайди.