Божхона қўмитаси IMEI учун $400 тўлов ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди

18:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш тўлови $400 гача ошгани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалди. Божхона қўмитаси бу маълумотларни рад этди ва тўлов фақат ноқонуний олиб кирилган қурилмаларга нисбатан, ягона божхона тўлови тарзида амалга оширилишини маълум қилди.

Uz umie

Божхона қўмитаси IMEI-кодлар учун тўлов 30–40 доллардан 400 долларни ташкил этмоқда, деган хабарларга муносабат билдирди. Қўмита маълумотига кўра, мобил қурилманинг IMEI-кодини рўйхатга олиш учун расмий тўлов ҳозирги кунда ҳам Базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизига тенг бўлиб, 75 минг сўмни ташкил қилади ва бу сумманида ҳеч қандай ўзгариш юз бермаган.

Аммо, агар қурилма Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилган ёки декларация қилинмаган бўлса, бундай ҳолларда унинг IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш учун қурилманинг божхона қийматидан 30% миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади. Масалан, $1000 қийматдаги телефон учун бу сумма $300 бўлади.

Қўмита қайд этишича, IMEI тўловининг юқори кўриниши айнан шу тўлов билан боғлиқ. Яъни, фуқаролар бундай ҳолатлардаги тўловни IMEI-кодни рўйхатга олиш учун белгиланган расмий тўлов сифатида нотўғри талқин қилмоқда.