Болалар TikTok ва Instagram’га киролмайди — ЕИ ота-оналарга янги қоида ўрнатяпти

23:00 | 5 дақиқада ўқилади.

Еврокомиссия вояга етмаганларни ҳимоя қилиш мақсадида Европа Иттифоқи давлатларига ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш ёки тақиқлаш ҳуқуқини берди. Янги тавсиялар болаларнинг рақамли хавфсизлиги масаласига жиддий ёндашув сифатида баҳоланмоқда.

Tik tok

Энди Европа Иттифоқи давлатлари ўз ҳудудида болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни мустақил равишда чеклаш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга. Бу ҳақда Европа Комиссияси қабул қилган рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун (ДСА) доирасида вояга етмаганларни ҳимоя қилиш бўйича янги тавсияларда келтирилган.

Қайд этилишича, Франция, Испания, Дания ва Нидерландия каби давлатлар бу соҳада қатъийроқ чораларни жорий этишни анча вақтдан бери талаб қилиб келаётган эди. Жумладан, Франция ва Нидерландия 15 ёшдан кичиклар учун ижтимоий тармоқларга киришни бутунлай тақиқлашни таклиф этмоқда. Греция эса болалар учун ота-онанинг мажбурий розилигини талаб қилмоқчи.

Дания Рақамли ривожланиш вазири Каролина Стае Олсен Европа комиссари Хенна Вирккунен билан биргаликда тавсияларни тақдим этиб, ёш чегарасини текшириш истисно эмас, балки қоидага айланиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Еврокомиссия ёшни тасдиқлаш учун янги илованинг техник тавсифини ҳам эълон қилди. Бу илова ҳужжатлар ва юз таниш тизимидан фойдаланади ҳамда яқин орада Франция, Испания, Италия, Греция ва Дания каби бешта мамлакатда ишга туширилади. Ушбу давлатлар ўзларининг назорат тизимларини фаол равишда ишлаб чиқмоқда ва миллий чекловларни қўллаб-қувватламоқда.

Европа Иттифоқи бундай чораларни бошқа рақамли соҳаларда, жумладан, алкогол ва порнография сайтларига киришда ҳам қўллашни таклиф этмоқда.

«Реал ҳаётда ўсмирлар шунчаки 18 ёшдаман деб, спиртли ичимлик сотиб ололмайди. Онлайнда эса айнан шундай бўлмоқда. Дания вояга етганлик тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилишни шу йилдан бошлайди», — деди Стае Олсен.

Тавсияларда, шунингдек, платформаларга қарамликни келтириб чиқарадиган функцияларни ўчириб қўйиш маслаҳат берилади: стреаклар, ўқилганлик белгилари ва автоматик тавсиялар. Болаларнинг ҳисоблари стандарт ҳолатда нотаниш шахслардан ёпиқ бўлиши керак. Платформалар камера ва бошқа функциялардан фойдаланишни ҳам чеклаши мумкин.

Олсен хулоса қилиб айтдики, бу чоралар мажбурий бўлмаса-да, ижтимоий тармоқлар турли мамлакатлардаги қонунчилик бўшлиқлари ортига яширинмаслиги учун умумий стандартларни яратади.

Тавсияларда, шунингдек, платформаларга қарамликни келтириб чиқарадиган функцияларни ўчириб қўйиш маслаҳат берилади: стреаклар, хабарлар ўқилганлиги ҳақидаги билдиришномалар ва автоматик тавсиялар. Болаларнинг ҳисоблари бошланғич ҳолатда нотаниш шахслардан ёпиқ бўлиши керак. Платформалар камера ва бошқа функциялардан фойдаланишни ҳам чеклаши мумкин.

Олсен хулоса қилишича, бу чоралар ички миллий қонунчиликдаги бўшлиқлардан ҳимоя воситаси сифатида кўриб чиқилмоқда. Тавсиялар ҳозирча мажбурий эмас, бироқ турли мамлакатларда ягона усулни жорий этишга йўл очади.