Embraer раҳбари Франсиску Гомес Нету жорий божларни «эмбаргонинг ўзгинаси» деб атаб, улар компаниянинг нафақат маблағ оқими, балки ишчи кучи ва инвестиция лойиҳаларига ҳам жиддий зарба бериши мумкинлигини айтди. Унга кўра, бундай таъсир пандемия пайтида кузатилган кескин камайишларга тенг келади. Ўшанда компания даромади 30 фоизга пасайган ва ходимларнинг 20 фоизи ишдан бўшатилган эди.
Нетунинг маълум қилишича, АҚШ бозорига юбориладиган буюртмаларни бошқа давлатларга йўналтиришнинг иложи йўқ, бу эса бизнес режани қайта кўриб чиқишга мажбур этади. Шу боис Embraer раҳбарияти Бразилия вице-президенти Жералду Алкмин билан учрашув ўтказган.
Компаниянинг АҚШда 3 минг атрофида ходими бор ва ушбу божлар нафақат Бразилиядаги, балки Америкадаги фаолиятига ҳам таъсир кўрсатиши айтилмоқда. Таҳлилларга кўра, Embraer даромадининг 60 фоизи Шимолий Америкадан келади ва унинг катта қисми янги божлар таъсирига тушиши мумкин.
Itaú BBA ва UBS каби банклар божлар ҳисобига компаниянинг харажатлари йил охиригача 70 млн долларга ортиши мумкинлигини таъкидлаган. Айрим таҳлилчиларга кўра, агар Embraer АҚШдаги харажатларни мижозларга юклашига тўсқинлик қилинса, компания рентабелликни йўқотиши мумкин. Ёки аксинча, божлар нархларга юкланса, компания ўсиш салоҳиятини йўқотади.
Embraer акциялари Трамп баёнотидан сўнг босим остида қолди ва 9 июлдан буён 8 фоизга арзонлашди. Шунга қарамай, жорий йилда умумий ўсиш ҳамон 31 фоизни ташкил этмоқда.
Франсиску Гомес Нету АҚШ ва Буюк Британия ўртасида июн ойида авиация тармоғи учун божлар бўйича келишув бўлгани каби, Embraer учун ҳам икки томонлама келишув топиш мумкинлигини билдирди.