Қашқадарёда «заправка» портлади — тўрт киши ҳалок бўлди
Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида жойлашган газ тўлдириш шохобчасида 16 июль куни содир бўлган портлаш ва ундан кейин келиб чиққан ёнғин 4 нафар фуқаронинг ҳаётига зомин бўлди. Ҳодиса Олтиндала маҳалласидаги ёқилғи сақлаш резервуарида юз берган. Соат 14:40 да ФВВга хабар берилган ва 5 дақиқадан сўнг 4 та ёнғин-қутқарув экипажи жойига етиб борган. Ёнғин соат 15:35 да тўлиқ бартараф этилган.
Фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, прокуратура ва бошқа идоралар мутасаддилари воқеа жойида иш олиб борган. Шунингдек, Республика шошилинч тиббий ёрдам марказидан мутахассислар жалб этилган. Ҳозирда ҳалок бўлганларнинг шахси ва портлаш сабаблари ўрганилмоқда.
«+45 даражали жазирама» – Қорақалпоғистонда боғчалар ёпилди
Қорақалпоғистондаги Тахиатош, Хўжайли ва Қораўзак туманларида ҳароратнинг кескин ошиши сабабли давлат боғчалари вақтинчалик ёпилди. Синоптиклар 16–18 июл кунлари +45 даражагача бўлган иссиқни башорат қилмоқда, шунинг учун болалар саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу чоралар кўрилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотига кўра, боғчаларнинг фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарор туман ҳокимлари томонидан имзоланган. Қарор санитария қоидаларига амал қилиш ва иссиқнинг салбий таъсирини камайтиришни кўзлайди.
«See Breeze бўйича ҳали экспертиза хулосаси олинмаган» – Давлат экологик экспертиза маркази
Чорвоқ сув омбори соҳилида қурилиши режаланган ва жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлаётган Sea Breeze курорт лойиҳаси бўйича ҳали Давлат экологик экспертизаси хулосаси олинмаган. Бу ҳақда Vaqt.uz мухбири саволига жавобан Давлат экологик экспертиза маркази Ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Акрамова маълум қилди.
«Бугун Sea Breeze лойиҳаси чиндан ҳам ОАВда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Агар бу масалада Экология вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси марказига экологик хулосаларни олиш бўйича мурожаат қилинса, биз албатта лойиҳани кўриб чиқамиз. Шундан кейингина мутахассисларимиз лойиҳа бўйича ўз хулосаларини беришади», – деди Ш.Акрамова.
Ўзбекистон бўйлаб 1800 дан ортиқ радар жойлашган манзиллар эълон қилинди
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари республика бўйича ўрнатилган фото ва видео радарлар жойлашган аниқ манзиллар, улар қайд этадиган қоидабузарликлар турлари бўйича тўлиқ маълумотни ошкор қилди. Бу очиқлик ҳайдовчиларнинг ёндашувини ўзгартириши мумкин.
Маълумотга кўра, мамлакат бўйича 1800 дан ортиқ бундай қурилма жойлаштирилган. Улар турли ҳудудлардаги асосий йўл ва чорраҳаларда ўрнатилган бўлиб, ҳаракат тезлиги, йўл белгиларига риоя қилмаслик, пиёда ўтиш жойларидаги қоидаларни бузиш, йўлнинг қарши йўналишига чиқиш каби қоидабузарликларни қайд этади.
Рўйхат билан бу ерда танишишингиз мумкин.
Ўзбекистонда қайси касб вакиллари энг кўп маош олмоқда?
Ўзбекистонда 2024 йил якунига кўра, ўртача ойлик иш ҳақи 5 млн 357 минг сўмни ташкил этди. Энг юқори маош олувчилар қаторига дастурчилар (ўртача 17,6 млн сўм), молиявий хизматлар ходимлари (16 млн сўм) ва банк-суғурта соҳалари (14,4 млн сўм) киради. Шу билан бирга, таълим, соғлиқни сақлаш ва овқатланиш каби соҳаларда иш ҳақи анча паст — масалан, мактабгача таълимда ўртача 1,8 млн сўм. 2025 йилда бу соҳаларда маош оширилиши режалаштирилган.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри энг юқори ўртача маош (9,88 млн сўм) бўйича етакчи, ундан кейин Навоий (7,33 млн сўм) ва Тошкент вилояти (5,43 млн сўм) жой олган. Энг паст кўрсаткич эса Қашқадарё вилоятида — 4,07 млн сўм. Статистик маълумотлар мамлакатдаги касбий ва ҳудудий маошлар ўртасидаги катта тафовутни кўрсатмоқда.