Эрон билан келишув учун август охиригача муддат белгиланди

16:15 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ ва Европанинг етакчи давлатлари Эрон билан ядровий келишув бўйича музокаралар учун охирги муддатни август охири деб белгилади.

Iran berlin

АҚШ, Франция, Германия ва Буюк Британия Эрон билан ядровий келишувга эришиш учун август ойи охирини сўнгги муддат сифатида белгилади. Бу ҳақда «Axios» нашри манбаларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳамда Франция, Германия ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари телефон орқали музокара ўтказиб, ушбу келишувга келган. Улар Эрон ядровий дастури бўйича музокараларни тўхтатиб қўймаслиги учун қўшимча дипломатик босимлар кўрсатишга келишиб олди.

Агар август ойи охиригача келишувга эришилмаса, уч Европа давлати — Франция, Германия ва Буюк Британия БМТ Хавфсизлик Кенгаши доирасида Эронга нисбатан аввал олиб ташланган санкцияларни қайта тиклаш механизмларини фаоллаштириш ниятида эканини билдирган.

Ушбу вазият 2015 йилдаги ядровий келишув (JCPOA) асосида вужудга келган келишувнинг қайта тикланишига оид сўнгги уринишлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Эрон ҳозиргача музокараларни қўллаб-қувватлаётганини билдирган бўлса-да, амалий келишув сари илгарилаш секин кечмоқда.

АҚШ ва Европа иттифоқчилари ҳозирги вазиятда тезкор келишувсиз Эрон ядровий дастурини жиддий равишда кенгайтириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Айни пайтда, Теҳрон халқаро санкциялар қайта жорий этилишига кескин қарши эканини таъкидлаб келмоқда.