Эскроу тизими жорий этилмоқда: бу уй-жой нархига таъсир қиладими?

14:00 | 8 дақиқада ўқилади.

Юртимизда турар ва нотурар жой сотиб олишда алданиб қолмаслик, ишончли қурувчи компанияларини топиш ва хонадон сотиб олиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

EskrouФото: spot.uz

Жорий йилнинг 1 июлида «Уй-жой қурилиш соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш меҳанизимларнии такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент Фармонига мувофиқ юртимизда жорий этилган «Эскроу» тизими мижозлар учун хавфсиз ҳарид механизмини яратиш ва қурилишда молиявий интизомни кучайтириш мақсадини кўзлаган.

2021 йилдан шу кунга қадар Ўзбекистонда камида 1000 нафар фуқаронинг 300 млрд сўмгача зарар кўргани очиқланган. Шу каби ҳолатларга барҳам бериш учун мазкур тизим 2026 йилдан тўлиқ ишга тушиши кутилмоқда

 

Хўш, Эскроу қандай тизим? Халқаро бозорда ҳам бу тизим ўзини оқлаганми?

2025 йил 1 июлдан бошлаб Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан инсон омили иштирокисиз, рақамлаштирилган янги Эскроу тизими амалиётга босқичма-босқич жорий этиш бошланди. Аниқроқ айтганда, тизим мижоз пулини ҳимоялайди ва ишонч кафолатланади. Энди ушбу тизим орқали хонадон харид қилаётган фуқаролар кўчаларда сарсон бўлмайди.

Уйда туриб ҳам Ўзбекистоннинг қаерида қайси компания томнидан неча қаватли уй қурилаётганини кузатишлари мумкин бўлади. Тизимда қурилиш ташкилоти раҳбари, лойиҳа муаллифи, қурилиш объектининг паспорти, эскизи ва жойлашуви киритилган. Биргина QR код орқали бу амалларни бошлаш мумкин бўлади. Ҳозир платформа фойдаланишга топширишнинг якуний босқичида.

 

Тизим дунёнинг кўплаб давлатларида жорий этилган

Хусусан, бундай тизим аллақачон Россия, Германия, Япония, Қозоғистонда мавжуд ва ўзини оқлаган.

Эскроу ишга тушганидан сўнг қурилишлар сонинг бироз камайиши кузатилиши мумкин. Сабаби маблағни харидор тўғридан тўғри қурувчи ёки тадбиркорларга олиб бориб бермайди, балки банкда очилган эскроу ҳисоб рақамига ўтказилади. Кадастр хизматлари ҳам эндиликда тизим шакллантирилганидан сўнг биринчи навбатда бажарилади. Яъни, уйга мижоз бўлган фуқаро уй ҳужжатларини қурилиш охирига етганидан сўнг эмас, бошланғич даврида рўйхатдан ўтказади.

Эскроу тизимида қурувчиларга ҳам бир қатор талаблар мавжуд. Токи пудратчи компания тизимда барча керакли ҳужжатларни киритиб, нотариал шартномалар тузиб, платформадан рўйхатдан ўтганидан сўнг ва қурувчи томонидан лойиҳанинг умумий суммасидан 30 фоизини ўз ҳисобидан ёки маълум бир банк ҳомийлигида ўтказиши орқалигина фуқароларни маблағларини қурувчи ҳисобига жалб қилишга рухсат берилади. Лекин унга қадар мижозларнинг пуллари Эскроу тизимида сақланиб туради.

Маълумот тўрнида айтиш мумкинки, ўтган йилда мамлакатимизда юз мингдан ортиқ ҳонадонлар қурилган бўлса, 2025 йилга келиб 135 мингта уй жой қуриш режалаштирилган. Массивлар сони эса 2030 йилга қадар 100 тага етказилиши кўзда тутилган.

 

Янги тизим уй нархига таъсир қиладими?

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мутасаддиларига кўра, Эскроу тизимида уй олди-cотди жараёнларида хонадонларнинг нархида сезиларли ўсиш кузатилмайди. Фақат банк маблағи ҳисобидан ёки ўз маблағи ҳисобидан қурилиш бошлаган тадбиркорларда нархнинг бироз кўтарилиши сезиш мумкин. Чунки тизимда давлат божларини тўлаган, муаллифлик назоратидан ўтган фақат ишончли ва кафолатланган қурувчи пудратчилар мавжуд бўлади.

Бу борада Қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқармаси бошлиғи Элёр Комилов «Бошпана» кўрсатувига берган интервюсида алоҳида тўхталди.

«Ушбу тизим жорий этилганидан сўнг сезиларли ўзгариш юзага келмайди. Лекин ўз маблағини тикиб, яна банкдан маълум миқдорда кредит олганда оз миқдорда нархлар ўзгариши мумкин. Хусусан, Россия тажрибасида кўрганимиздек банк ва тадбиркор ўртасида ҳамкорлик ўрнатилса, банк фоизсиз ёки кам фоизли кредитлар тақдим этиши мумкин. Эскроу тизимидаги мижоз пулига эса то уй қуриб топширилмагунга қадар тегилмайди», — деди Э.Комилов.

Эскроу тизими расман 2026 йил 1 январдан кучга қиради ва тўлов ҳисобварақлари айнан шу тизим орқали амалга оширилади. Унга қадар «Шаффоф қурилиш» ахборот тизими орқали олиб борилади.

Гулнора Шерматова тайёрлади.