Ўзбекистон банкчилари Малайзияда исломий молия сирларини ўрганмоқда

20:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон банк-молия соҳаси вакиллари Малайзияда исломий молия тизими бўйича семинар-тренингда қатнашмоқда. Ушбу ташриф орқали мамлакатда исломий молия тизимини ривожлантириш бўйича амалий тажриба ўрганилмоқда.

Malaysia

Ўзбекистоннинг банк ва молия соҳаси мутахассислари делегацияси Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда бўлиб турибди. Улар бу ерда исломий молия экотизимини ривожлантириш ва тартибга солиш бўйича малака оширмоқда.

Семинар-тренинг Халқаро исломий молия бўйича махсус таълим маркази — INCEIF университети ва ISRA шариат тадқиқотлари академияси томонидан ташкил этилган. Очилиш маросимида INCEIF президенти доктор Моҳд Азми Умар ва Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси вакиллари иштирок этди.

Доктор Умарнинг сўзларига кўра, Малайзия исломий молия соҳасида етакчи глобал марказлардан бирига айланган. Мамлакатда кучли ҳуқуқий база, илғор таълим тизими ва тадқиқот институтлари орқали катта ютуқларга эришилган.

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг исломий молия соҳасидаги ривожланган қонунчилиги Ўзбекистон учун аҳамиятли эканини ва унинг энг самарали принципларини қонунчиликка жорий этиш фойдали бўлишини таъкидлаган.

Ўқув-семинар давомида мутахассислар Малайзияда ислом молиясининг ҳуқуқий-меъёрий асослари, илғор тажриба ва уни тартибга солиш муаммолари, ушбу соҳада самарали сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш механизмларини ўрганади, шунингдек, Ўзбекистонда ислом молияси тизимини ривожлантириш стратегияларини таҳлил қилади. Улар Малайзия Марказий банки, солиқ хизмати ва мамлакатдаги энг йирик исломий банк — «Malayan Banking Berhad» фаолияти билан ҳам яқиндан танишади.

Маълумот учун, Малайзияда 1983 йилда Исломий банк тўғрисидаги қонун, 1984 йилда эса Такафул (исломий суғурта) тўғрисидаги қонун қабул қилинган. 1993 йилда эса анъанавий банкларга исломий филиаллар очишга рухсат берилган.

2025 йил ҳолатига кўра, Малайзияда исломий банк активлари 260 миллиард долларга етган ва бу умумий банк тизимидаги кредитлар ҳажмининг 42 фоизини ташкил этади.