Ўзбекистонда банклар томонидан омонатлар бўйича белгиланаётган фоиз ставкалари пасайишда давом этмоқда. Марказий банкнинг маълумотларига кўра, май ва июн ойларида миллий валютадаги банк депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси ҳар ойда 0,1 фоизга камайиб борган.
Натижада, мазкур ставка 2024 йил март ойида кузатилган 21,4 фоиз даражасигача тушиб кетди. Йил бошига нисбатан умумий пасайиш 0,7 фоизни, ўтган йилнинг шу ойига нисбатан эса 0,6 фоизни ташкил этган.
Мазкур динамикани 2025 йил апрел ойидан бошлаб омонат ставкалари 23 фоиздан ошмаслигига оид бир вақтда амалга оширилган банк сиёсати билан боғлаш мумкин.
Апрел ойидаги ўзгариш 6 ойлик узлуксиз ўсишдан кейин омонат фоизларининг илк бор пасайишига сабаб бўлди. Шунингдек, юридик шахслар учун миллий валютадаги омонатлар бўйича ставка май ойида 0,4 фоизга кўтарилган бўлса, июн ойида ўзгариш кузатилмади.
Хорижий валютадаги омонатларда эса майда 0,5 фоизлик пасайишдан сўнг, июнга келиб кўрсаткич 4,8 фоизга кўтарилган. Шунга қарамай, бу 2024 йил ноябр ойидаги кўрсаткичдан 1,5 фоизга паст. Юридик шахслар учун хорижий валютадаги омонатларда эса деярли ўзгариш бўлмаган.