Ўзбекистонда қайси касб вакиллари энг кўп маош олмоқда?

14:30 | 9 дақиқада ўқилади.

Статистика органлари ва очиқ манбалар асосида тайёрланган таҳлилимизда Ўзбекистонда қайси касб эгалари энг юқори маош олаётгани, республикадаги қайси вилоятда ўртача даромад даражаси юқори эканлигини кўриб чиқамиз.

Maosh

 

Сўнгги йилларда технология, молия ва логистика соҳалари жадал ривожланаётгани фонида айрим касб вакиллари бир ойда топадиган маошлар бошқа соҳа ходимлари бир йилда топадиган даромадга тенглашмоқда.

Давлат статистика агентлиги берган маълумотларга кўра, 2024 йилнинг якунида Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 5 млн 357 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 17,4 фоизни ташкил қилган.

Stat11
Инфографика: Статистика агентлиги

 

Ўрта даражадан юқори иш ҳақи олувчилар

Агентлик шарҳида иқтисодий фаолият турлари кесимида айрим соҳалардаги ўртача ойлик иш ҳақлари таҳлил қилинган. Хусусан, компьютер дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва бошқа ёрдамчи хизматлари ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи энг юқори — 17,6 миллион сўмни ташкил этган.

Stat12
Инфографика: Статистика агентлиги

Ўрта даражада маош олувчилар

Агентликка кўра, 2024 йил давомида мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи — банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасига тўғри келиб, 14,4 миллион сўмни ташкил этди. Ахборот ва алоқа соҳаси вакилларига ўртача 12,4 миллион сўм, ташиш ва сақлашга 7,7 миллион сўм, саноат соҳасида 6,2 миллион сўм тўланган.

Stat13
Инфографика: Статистика агентлиги

Молиявий хизматлар кўрсатиш ва суғурталаш бўйича ёрдамчи фаолияти ходимлари ўртача 16 миллион сўм ойлик олган. Шу билан бирга, қуйидаги йўналишларда иш ҳақи ўртача ойлик миқдоридан юқори бўлган:

Stat14
Инфографика: vaqt.uz

 

Ўртача кўрсаткичдан кам иш ҳақи олувчилар

Ярим йил давомида таʼлим соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 3,5 миллион сўмни ташкил этган.

Stat15
Инфографика: Статистика агентлиги

Соҳанинг асосий тармоқлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи олий таʼлимда (8,1 миллион сўм), энг паст рақамлар мактабгача таʼлимда (1,8 миллион сўм) қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  тегишли фармонига мувофиқ  бюджет ташкилотларида  ишловчи ходимларнинг иш ҳақи  миқдори 2025-йи 1 августдан бошлаб- 10 фоизга оширилиши белгиланди.

Бундан ташқари 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб мактаб директорларининг  маоши яна 20 фоизга, директор ўринбосарларининг ойлик маоши 15 фоизга оширилади. Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб директор ва унинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) натижасига кўра базавий тариф ставкаларига нисбатан тегишлича 20 ва 10 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар белгиланди.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 3,3 миллион сўмни бўлган.

Шу билан бирга, яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 4,6 миллион сўмни ташкил этган. Мазкур соҳада фаолият тури бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Самарқанд вилоятида (5,2 миллион сўм), энг паст даражаси Сирдарё вилоятида (1,5 миллион сўм) бўлган.

 

Қайси вилоят вакиллари энг кўп маош олади?

2025 йилнинг январь-март ойларига кўра ҳудудлар кесимида энг юқори иш ҳақи Тошкент шаҳрига тўғри келган – 9,88 млн сўм.

Ундан кейинги ўринларни эса 7,33 млн сўм билан Навоий ҳамда 5,43 млн сўм билан Тошкент вилоятлари эгаллаган. Иш ҳақининг энг кам миқдори эса 4,8 млн сўм билан Қашқадарё вилоятида қайд этилган.

 

Ҳудудлар бўйича ўртача ойлик иш ҳақи:

  1. Тошкент шаҳрида – 9 млн 889 минг 100 сўм;
  2. Навоий вилояти – 7 млн 330 минг 900 сўм;
  3. Тошкент вилояти – 5 млн 435 минг 600 сўм;
  4. Андижон вилояти – 4 млн 874 минг 500 сўм;
  5. Бухоро вилояти – 4 млн 763 минг 900 сўм;
  6. Қорақалпоғистон Республикаси – 4 млн 672 100 сўм;
  7. Сирдарё вилояти – 4 млн 662 300 сўм;
  8. Хоразм вилояти – 4 млн 580 минг 200 сўм;
  9. Жиззах вилояти – 4 млн 370 минг 100 сўм;
  10. Самарқанд вилояти – 4 млн 353 минг 100 сўм;
  11. Наманган вилояти – 4 млн 276 минг 900 сўм;
  12. Сурхондарё вилояти – 4 млн 209 минг 100 сўм;
  13. Фарғона вилояти – 4 млн 203 минг 000 сўм;
  14. Қашқадарё вилояти – 4 млн 079 минг 800 сўм.

Фармонова Меҳриноза тайёрлади.