Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–105-сон фармони эълон қилинди. Ҳужжатда мамлакатда пенсия ва молия хизматларини тубдан рақамлаштириш орқали самарадорликни ошириш кўзда тутилган.
Фармонга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ва Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари тугатилади. Уларнинг ўрнида ҳар бир туман ва шаҳарда 1–3 нафар ходимдан иборат ихчам сервис офислари ташкил этилади. Бу ўзгаришлар фаолиятни рақамлаштириш ҳисобидан амалга оширилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 декабрдан бошлаб пенсия тизимида янги электрон хизматлар жорий этилади. Жумладан, «Менинг пенсиям» онлайн хизмати орқали фуқаролар ўз иш стажи ва иш ҳақи маълумотларига асосан пенсия миқдорини олдиндан ҳисоблаб кўриш имконига эга бўлади. Бошқа барча пенсия хизматлари ҳам электрон шаклга ўтказилади.
Бундан ташқари, 2025 йил 1 октябргача Мажбурий ижро бюроси томонидан пенсиядан қарз ундиришда фуқарони олдиндан хабардор қилиш тизими жорий этилади.