Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, Кўкдала тумани Олтиндала маҳалласида жойлашган аҳолига газ тўлдириш шохобчаси ҳудудидаги ёқилғи сақлаш резервуарида портлаш юз берган. Ҳодисадан сўнг ёнғин келиб чиққан. ФВБга бу ҳақда соат 14:40 да хабар берилган.
Шундан сўнг, 14:45 да 4 та ёнғин-қутқарув экипажи ҳодиса жойига етиб борган. Ёнғин соат 15:00 да ўраб олинган ва 15:35 да тўлиқ ўчирилган. Аммо афсуски, ушбу ёнғин оқибатида 4 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Ҳодиса жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, прокуратура ҳамда бошқа масъул ташкилотлар ходимлари жалб қилинган.
Шунингдек, воқеа жойига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори бошчилигидаги бир гуруҳ тажрибали мутахассислар юборилган.